Украинага босқин давомида ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг сони 51 мингдан ошган. Бу ҳақда талафот ҳисоб-китобини биргаликда олиб бораётган Би-Би-Си ва “Медиазона” нашрлари хабар қилмоқда.
Журналистлар қайд этишича, булар очиқ манбалар асосида исмлари ва қабрларини аниқлаш имкони бўлган қурбонлар, холос. Талафотга оид ҳақиқий рақам бундан юқори бўлиши мумкин. 2024 йил 19 апрель ҳолатига 51 минг 96 нафар қурбон шахсиятига аниқлик киритилган.
Асосий талафотлар босқиндан аввал Қуролли кучларга алоқаси бўлмаган гуруҳлар орасида кузатилмоқда: ҳалок бўлганларнинг деярли ярмиси урушга ёлланган маҳкумлар, кўнгиллилар ва хусусий ҳарбий компанияларга ёлланганлардир.
Тадқиқотчилар ҳисоб-китобни очиқ манбаларга кўра – маҳаллий маъмуриятлар хабарномалари, ОАВ хабарлари ва ҳалок бўлганларнинг оилаларидан ва қабристонлардан олинган маълумотларга асосланган ҳолда олиб боришган. Сўнгги пайтларда тадқиқотчилар ҳисобни янги методология асосида олиб бормоқда. Улар энди ворислик бўйича очилган даъволарни ҳам ҳисобга олмоқда. Бундай усулга асосаланган ҳисоб-китобларга кўра, қурбонларнинг ҳақиқий сони, ҳозирги рақамлардан икки баравар кўп бўлиши мумкин.
Янги усулдаги ҳисоб-китобларга кўра, қурбонларнинг ҳақиқий сони, ҳозирги рақамлардан икки баравар кўп бўлиши мумкин.