Ссылки доступа

Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинди, муаммолар хусусий секторга кўчди


Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиб келган халқаро Cotton Campaign коалицияси ўзбек пахтасига бойкот тугатилганини эълон қилди.

Ташкилотнинг расмий сайтида билдирилишича, бунга “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форуми” 2021 йилдаги пахта теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмаганини эътироф этгани сабаб бўлган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган фермерлар аслида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат давом этаётгани, фақат бу давлат буюртмасидан хусусий секторга кўчганини айтмоқда.

Фермерларнинг айтишларича, ўқувчи-талабаларни пахта теримига мажбуран жалб қилишга барҳам берилгани рост, аммо уларнинг ўзи ҳукумат амалдорлари томонидан бошқариладиган кластер тизимининг мажбурий ишловчиларига айланиб қолган.

Cotton Campaign Ўзбекистонда пахта теримига миллионлаб аҳоли, жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам жалб этилгани ортидан, 2009 йилда халқаро ҳамжамиятни ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишга чақирган эди.

Бу бойкотга 331 та бренд, жумладан, Adidas, Zara, C&A, Gap Inc., H&M, Levi Strauss & Co., Tesco ва Walmart компаниялари ҳам қўшилган.

Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнатни мониторинг қилиб келган Германиядаги “Ўзбек форуми” ташкилоти раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, 2009 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари пахта етиштиришда болалар меҳнатидан воз кечиш ҳақида петиция ташкил қилган эди:

“Шундан кейин Cotton Campaign га бирлашган юздан ортиқ халқаро ташкилотлар, текстил саноатидаги катта компаниялар ўзбек пахтасидан воз кеча бошлади. Ҳар йили биз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳақида ҳисоботлар чиқариб келдик. Ўтган йилги мониторингимизда эса ҳукумат томонидан пахта теримига оммавий мажбурлаш фактларини топмадик. Бизнинг хулосамизни эшитиб Cotton Campaign бойкот тўхтатилса бўлади, деган қарорга келди”.

Халқаро кузатувчилар Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатни ташкил этиб келган давлат пахта соҳасидан кетгани, мамлакат экспортининг асосий бандларидан бирини ташкил этуви пахта хусусий қўллар - кластерларга ўтганини эътироф этишади.

Аммо пахтага давлат монополияси амал қилган даврдаги муаммоларнинг бир қисми бошқача кўринишда хусусий секторда ҳам бўй кўрсатмоқда.

Маҳаллий фермерлар кластерлар томонидан уларнинг ерларини тортиб олиш, етказиб берилган пахта учун вақтида ҳақ тўламаслик, меҳнат ҳуқуқларининг қўпол равишда поймол этилишидан шикоят қилиб келадилар.

Тошкент вилоят, Бўка туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, шаклан ўзгарган мажбурий меҳнат моҳиятан йўқолиб кетмаган:

“Бойкот болалар меҳнатига қарши эди. Мана бугун олиб ташланди. Аслини олганда бола меҳнати ҳам, мажбурий меҳнат ҳам шундай турибди. Буни чиройли йўлини қилиб қўйишди. Ўша қишлоқ аҳолисининг болалари хоҳлайдими, йўқми, барибир чиқиб пахтани терди, хоҳлайдими, йўқми, пахта чопиғида ишлади. Фарқи шундаки, олдингидай сопровождениялар билан, ур-тўполон қилиб пахтага чиқариш йўқ бўлди. Давлат пахта тердириш масъулиятини ўзидан соқит қилиб, хусусий секторга берди. Қишлоқ аҳолиси ва болалари хусусий секторга қарам бўлиб қолди. Уч-тўртта молини боқиш учун, бир-икки сўм даромад олиш учун, такрорий экин экиш учун, теримда нақд пул бергани учун ишлаб беришга мажбур. Кунига юз кило пахта терадиган қишлоқ болалари бор-да”.

Иккинчидан, - дейди фермер, - деҳқонларни мажбурлаб шартнома қилдириш аввал қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолди.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермер ўзбек пахтасига бойкот бекор қилинганига хурсанд бўлганини айтар экан, айни пайтда президентга қариндош бўлган айрим маҳаллий кластерлар фермерларни хонавайрон қилаётганини таъкидлайди:

“Биз Дўстлик туманида ишлаймиз. Энг кўп пахта етиштирувчи туманлар ўнталигига киради. Бизда “Сангзор Текстил” деган кластер бор. Президент Мирзиёевга қуда кластер. Уч йил ишлаб барака топмадик бу билан. Кластер кредит олади, фоизини фермер ҳисобидан ёпади. Пахтани энг ками 8-10 фоиз скидка билан олди. Пахтани қуритишга ҳам фермер ҳисобидан пул чегирди. Юз тонна пахта топширган фермер 8-10 тонна зарарга киради. Солярка берса 10 фоизини нагло олиб қолади. Фермерларни тамоман хонавайрон қилиб ташлади”.

Фермернинг айтишича, болалар меҳнати йўқолиб, энг катта муаммо – фермерларни мажбурлаб ишлатиш сиёсати пайдо бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ илиш учун кетма-кет бир неча қарорлар чиқарди.

Пахта етиштиришни давлат секторидан чиқариб, кластерларга топширди.

Аммо фуқаролик жамияти фаоллари пахта етиштиришда мажбурий меҳнатнинг бошқа кўринишлари мавжудлигини ва кластерлар ўз манфаатини кўзлаган ҳолда, фермерлар ва уларнинг ишчилари ҳуқуқларини поймол қилиб келаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар ижобий самара бермаганини фермерлар кўп таъкидлайди.

Уч йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ташкил этилганига қарамай, ҳали ҳам маҳаллий ҳокимият икки мустақил субъектнинг ишларига аралашишдан тўхтагани йўқ.

Фермерлар кластерларни шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармаганликда, ҳукуматни эса пахта ва буғдой харид нархини жуда ҳам паст белгилашда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG