Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартишлар киритилгани муносабати билан бу мамлакатга боришни режалаётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди.
Унда вазирлик Қозоғистонга кириш ва чиқишда Ўзбекистон фуқароларига барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилган.
“Шу билан бирга, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар”, дейилган ТИВ мурожаатида.
Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, вазирлик қайдича, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
ТИВ муҳожирлар учун муаммо юзага келмаслиги учун уларга Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг расмий веб-сайти “Хизматлар” бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишни тавсия қилган.
Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Тўққиз нафари тожикистонлик, етти нафари ўзбекистонлик бўлган бу муҳожирлар, қозоқ полицияси маълумотига кўра, Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлагани аниқланган. Бунинг ортидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Қозоғистонга йўл олган фуқароларни ёнида рухсатномалар бўлиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Вазирлик буни Қозоғистон халқаро аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилгани билан изоҳлаган эди.
Апрель ойида эса Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса ҳам, ҳуқуқбонлар мазкур тавсияга тожикистонлик фуқароларнинг сиқувга олинаётгани сабаб бўлган, дея тахмин қилмоқдалар.
Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактлар ортидан Россияда мигрантлар ксенофобиянинг янги тўлқини билан тўқнаш келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.