Ссылки доступа

Ўзбекистон ЕИдан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўради


Алишер Усманов
Алишер Усманов

Британияда чиқадиган Financial Times нашрининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан россиялик олигарх Алишер Усмоновга нисбатан жорий этилган санкцияларни олиб ташлашни сўраган.

Нашрнинг ўз манбаларидан иқтибос келтиришича, Евроиттифоқ вакиллари билан яқинда ўтган учрашувлар чоғида ўзбек расмийлари санкциялар Усмоновнинг мамлакатга сармоя киритишини чеклаётганини айтиб, уларнинг бекор қилинишини сўраганлар.

FT маълумотича, расмий Тошкент шунингдек, Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловани ҳам санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўрамоқда. Европа Иттифоқи Усмоновнинг синглиси унинг қатор активлари, жумладан, 600 миллион долларлик Dilbar суперяхтасига эгалик қилади, деб ҳисоблайди.

Тошкент ва Брюссель ўртасидаги муҳокамалардан хабардор икки кишининг айтишича, Тошкент Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи расмийлари ўртасидаги сўнгги учрашувларда санкциялар юзасидан хавотир билдирган. Ўзбекистон, шунингдек, агар Иттифоқ чекловларни олиб ташлаш сўровини рад этса, Усмоновга Брюсселга қарши юзага келиши мумкин бўлган даъвода ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқчи, деб ёзмоқда Financial Times.

Нашрнинг маълумотларига кўра, Путин босқинидан олдин 20 миллиард долларга яқин бойлиги бўлган Усмонов ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистон билан яқин алоқада. Тошкент унга қарши қўйилган санкциялар, жумладан, активлари музлатилиши миллиардернинг ўз бойлигининг бир қисмини мамлакатга сармоя сифатида киритиш имкониятини чеклаб қўйганини даъво қилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги FT сўровларига жавоб бермаган. Усмоновнинг матбуот котиби эса “Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларига баҳо бера олмаслиги, аммо санкциялар сармоя ва хайрия лойиҳаларига ҳақиқатан ҳам ҳалақит бераётгани"ни айтган.

Financial Times мақоласида ёзилишича, Усмонов ўз бойлигини 1990‑йилларда Россиянинг “Газпром” давлат газ ширкатининг катта директори бўлганда қозонган, ўз лавозимидан пўлат, мис, телекоммуникация, технология ва медиани қамраб олган саноат конгломерати қуриш учун фойдаланган.

Британия нашри Тошкентнинг Усмонов учун лоббилик қилиши Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилаётган бир пайтда содир бўлаётганига эътибор қаратган.

Европа Иттифоқи расмийлари FT билан суҳбатда Усмонов ва Исмоиловага қарши санкцияларни бекор қилиш - Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси бир овоздан маъқуллаши керак – санкцияларга дучор бўлган ўнлаб икки фуқароликка эга россиялик олигархлар атрофида ҳам худди шу каби баҳсларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишган.

Еврокомиссия вакили Иттифоқ ва учинчи давлатлар ўртасидаги учрашувларга изоҳ бермаслиги, санкциялар муҳокамаси эса махфий бўлганини айтган.

Тhe Guardian манбаларига кўра, санкцияларни вақтинча бекор қилиш тўғрисидаги қарор келгуси икки ҳафта ичида, якуний қарор эса йил охиригача қабул қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG