Ссылки доступа

Уруш оқибатлари: Ун, шакар, ёғ нархи ошиб боряпти, Қозоғистон буғдой экспортини камайтириши мумкин


Ўзбекистонда буғдой ва ун нархининг яна ошиши кутилмоқда.

Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспорт қилишни тақиқлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйган эди.

Россиянинг Украинага босқини оқибатлари Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам жиддий сезила бошлади.

Тошкентлик истеъмолчи Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, сўнгги ҳафтада шакар бирданига 50 фоизга қимматлаган:

“Кеча Қорақамишдаги Тансиқбоев бозорига чиққанимда шакарнинг бир килоси 15 минг сўмга сотилаётганини кўрдим. Ўн кун аввал 9 минг сўм эди. Давлат хизматлари шу нархда сотаётган эди. Ҳозир бу нархда умуман йўқ. Ҳар йили қулупнай мавсумида бир кўтарилиб тушарди. Лекин ҳали бизда қулупнай пишгани йўқ. Россиядан келадиган ўсимлик ёғи беш килолиги 90 минг сўм эди, ҳозир 120 минг сўмга чиқди. Бу ўзбек сўмининг долларга нисбатан қадрсизланиши сабабли бўлаётган бўлса керак”.

Сирдарёлик тадбиркор Ўлмас Қаҳҳоровнинг айтишича, одамлар орасида “озиқ-овқат нархлари яна ошармиш, запас қилиб қўйинглар” деган ваҳима пайдо бўлган.

Россиянинг босқини сабаб, Украина ҳукумати гўшт, сули, жавдар, гречка, шакар, шарбат ва туз экспортини тўхтатди. Буғдой, маккажўхори, парранда гўшти, товуқ тухуми ва кунгабоқар ёғи каби маҳсулотлар экспорти мамлакат иқтисодиёт вазирлигининг тегишли рухсатномаси билан амалга оширилади.

Айни пайтда, Россия ҳукумати ҳам 14 мартдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига бир қанча турдаги донли экинлар, оқ шакар ва шакарқамиш экспортига тақиқ қўйилди. Жорий йилнинг 30 июнига қадар буғдой, арпа, меслин, маккажўхори ва жавдар 31 августга қадар эса шакар экспорт қилиш тўхтатилди.

Бу тақиқлар Россия ва Украина билан катта савдо айланмасига эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир қилмасдан қолмайди.

Зеро 2021 йилда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардан олган озиқ-овқат маҳсулотларининг 27,3 фоизи Россия ва 2,2 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонга дон маҳсулотларининг асосий экспортери Қозоғистон ҳисобланади.

Газета.уз маълумотига кўра, Қозоғистондан 2021 йилда дон маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 648,3 млн долларни (умумий импортнинг 97,9 фоизи), ун эса 92,9 млн долларни ташкил қилган (97,2%).

Аммо Қозоғистон аъзоси бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо давлатларга дон маҳсулотлари экспортига вақтинча тақиқ қўйди.

14 март куни Россия бош вазири Михаил Мишустин шакар ва дон экспортини вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Гарчи Россиянинг Ўзбекистонга буғдой экспорти арзимаган миқдорда бўлса-да, лекин бу ҳам нарх-наволарнинг кўтарилишига хизмат қилиши мумкин.

Қозоғистон Миллий статистика агентлиги бюроси маълумотига кўра, 2021 йилда ғалла ҳосили қурғоқчилик туфайли аввалги йилларга нисбатан 21 фоиз кам етиштирилган.

Қозоғистон бу бўшлиқни тўлдириш учун Россиядан экспорт божисиз буғдой сотиб ола бошлади. Агар Россия Қозоғистонга буғдой экспортини тўхтатган бўлса, Қозоғистон ҳам Ўзбекистонга буғдой сотишни камайтириши эҳтимоли бор.

Айни пайтда бу масала Қозоғистон ҳукуматида муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигини сақлаш вазифасини қўйган эди.

Аввалроқ Мирзиёев ҳукуматга Ўзбекистоннинг “айрим савдо ҳамкорлари”га қўлланаётган санкциялар оқибатларини камайтиришга оид режа ишлаб чиқишни топширганди.

Кун.уз нашрининг ёзишича Ҳиндистонлик савдогар илк бор Ўзбекистонга тижорат юкини Покистон ва Афғонистон орқали транзит қилиб юборган.

140 тонна юк (асосан шакар) ортилган машиналар карвони Кобулдан Тошкентга жўнаб кетган. Бунгача юк «Мумбай – Карачи – Турхам» йўналиши бўйлаб келган.

XS
SM
MD
LG