Ашхобод кўчаларида ёш болали қариялар ва аёллар тиланчиликлари сезиларли даражада кўпайгани бунинг яққол аломатларидан биридир.
27 февраль куни Туркманистон пойтахтида Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатлашган ночор фуқароларнинг айтишича, кундалик меҳнатидан ёки давлат нафақаларидан оладиган арзимас даромади яшаш учун етарли эмас ва улар тиланчилик қилишга мажбур бўлмоқда.
“Давлат нафақалари ва пенсиялари 500-600 манатдан ошмайди. Ҳозир бир қоп маҳаллий ун 300-350 манат, қозоқ уни эса 550-650 манат атрофида. Бу пулга қандай яшайсиз?! Бизнинг оиламизда ҳеч ким ишламайди ва даромадимиз йўқ, лекин қандай қилиб яшаётганимизни суриштирадиган давлат ташкилоти йўқ. Ишсизларга давлат умуман ижтимоий нафақа тўламайди. Шундай экан, ҳар қандай йўл билан ҳам иқтисодий муаммолар гирдобидан ўзимиз чиқиб кетишимиз керак", дейди исми сир қолиш шарти билан суҳбатлашган ёш болали аёл.
Туркманистонда 2024 йил 1 январдан маошлар, пенсиялар, давлат нафақалари ва стипендиялар 10 фоизга оширилди. Президент Сердар Бердимуҳамедов бу қарорни аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини сезиларли даражада оширишга қаратилганини айтган.
Аммо, туркманистонликларга кўра, президентнинг «сахийлиги» уларнинг шароитини ҳеч яхшиламайди, чунки ўн фоизлик устама нархларнинг бир неча баробар ўсиши олдида ҳеч нарса эмас.
Туркманистон олти йилдан бери мустақилликка эришганидан бери энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бу ўз навбатида оммавий ишсизлик, товар ва хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Натижада, ёзги ва қишки таътил кунлари кўчаларда оғир меҳнат қилиб, елим бутилка териб ёки тиланчилик қилиб, рўзғор тебратишга уринаётган болаларни кўплаб учратиш мумкин.
Расмийлар муаммони яшириш мақсадида кўчада тиланчилик қилаётганларни “президент ва мамлакат обрўсига путур етказиш”да айблаб, мунтазам кўчалардан йиғиштириб кетади.