Бугун, 7 февраль куни Озарбайжонда муддатидан олдин президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Мухолифат уларда иштирок этишдан бош тортган, мамлакатнинг амалдаги президенти Илҳом Алиев ғолиб бўлиши кутилмоқда.
Аслида президентликка навбатдаги сайлов 20225 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғни қайтарганидан ҳосил бўлган умуммиллий эътирофдан унумли фойдаланиш мақсадида сайловни 2024 йил ўтказишга қарор қилган.
Сайловларда ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партиясининг номзоди бўлмиш Илҳом Алиевдан ташқари яна олти нафар номзод иштирок этмоқда. Бироқ улар амалдаги президентга ҳақиқий рақиб эмас, дейди таҳлилчилар. Икки асосий мухолиф партия - Мусават ва Озарбайжон Халқ фронти сайловларда қатнашишдан бош тортган.
"Мусават" етакчиси Ориф Ҳожили бойкотга сайловларнинг нодемократиклигини сабаб қилиб кўрсатди.
Озарбайжонда президент етти йиллик муддатга сайланади, бу норма 2016 йилда референдум орқали Конституцияга киритилган. Илгари президент беш йиллик муддатга сайланган.
Илҳом Алиев президентликка илк бор 2003 йилда, мамлакатни 10 йил бошқарган отаси Ҳайдар Алиев вафотидан икки ой олдин сайланган эди. Сиёсатшуносларнинг фикрича, Илҳом Алиев ҳам ўз лавозимини ўғли, кенжа Ҳайдар Алиевга топшириш ниятида.