Ссылки доступа

Брюсселда Европа Иттифоқи саммити бошланди. Украина ундан номзод мақомини кутмоқда


Пайшанба куни Брюсселда икки кун давом этадиган Европа Иттифоқи саммити бошланди. ЕИ давлатлари раҳбарлари Украина ва Молдовага ЕИга номзод давлатлар мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилишлари кутилмоқда. Европа комиссияси аввалроқ шундай тавсия билан чиққан эди.

"Тарихий воқеалар содир бўлмоқда", деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен саммит олдидан.

Европарламент пайшанба куни Украина ва Молдовага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини беришни қўллаб-қувватловчи резолюцияни қабул қилди. 529 депутат ёқлаб, 45 нафари қарши овоз берди.

Жума куни Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши бошланганига 4 ой бўлди. Жанглар, биринчи навбатда, мамлакат шарқида катта шиддат билан давом этмоқда. Брюссел ҳам, Киев ҳам Украинага номзод мақомини бериш қарори, биринчи навбатда, Россия тажовузи қаршисида мамлакатни қўллаб-қувватлаш рамзи эканини, Украинанинг Европа Иттифоқига кириши йўли узоқ ва қийин бўлишини тан олади. Бироқ Киев Украина президенти Владимир Зеленский “зулматдан ёруғликка қадам” деб атаган бу қадамнинг муҳимлигини таъкидламоқда.

Украина ва Молдовага Ғарбий Болқон ва Туркиядаги бир қанча давлатларга ўхшаб тўлиқ номзод мақоми берилади, бироқ улар билан музокаралар коррупцияга қарши кураш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ бир қанча шартларга боғлиқ бўлади.

XS
SM
MD
LG