Грузия президенти Саломе Зурабишвили сешанба куни мамлакатда парламент сайловларини 26 октябрга тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Зурабишвили бу сайловларни Европа ва Россия ўртасида танлов деб атади.
"Россияга қуллик ва Европа билан ҳамкорлик ўртасида танлов қилинади; Россияга арзимаган ёнбосишлари учун қуллик қилиш ёки ўзини Европада тенг ҳуқуқли давлат сифатида билиш, номимизни, тарихимизни, истеъдодимиз ва имкониятларимизни тарғиб қилиш. Бундай танлов имкони бизга бошқа берилмайди," - дея қўшимча қилди Зурабишвили.
Грузия давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мухолифат партиялари якка тартибда ғалаба қозонишга етарли ресурслари йўқ, шу муносабат билан у уларнинг ҳамкорлиги зарурлигини таъкидлади.
Аввалроқ, Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе сайловни "уруш ва тинчлик ўртасидаги ҳақиқий референдум" деб атаганди.
"Эхо Кавказа" сайтида таъкидланишича, Зурабишвилининг сайлов тўғрисидаги фармонни имзолаши фақат расмиятчиликдир. Навбатдаги сайлов аввалги парламентнинг ваколат муддати тугаганидан кейин октябрь ойининг охирги шанбасида ўтказилади.
150 депутатдан иборат Грузия парламенти илк бор мутаносиб тизим бўйича сайланади.
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили асос солган "Ягона миллий ҳаракат" ҳукмрон "Грузин орзуси" партиясининг асосий рақиби ҳисобланмоқда.