Ҳукумат коронавирус чекловларини енгиллаштиришга оммавий норозилик намойишлари ва полиция билан тўқнашувлардан кейин қарор қилди. Намойишчилар эпидемияга қарши чоралар юмшатишни талаб қилишди. Сешанба куни кечқурун Гуанчжоудаги намойишлар полиция билан шиддатли тўқнашувларга айланиб кетди.
Хитойнинг кўплаб шаҳарлари ва университет кампусларида норозилик намойишлари давом этмоқда. Улар 24 ноябрь куни Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг Урумчи шаҳрида содир бўлган ёнғинда 10 киши ҳалок бўлганидан кейин бошланди.
Намойишчиларнинг дастлабки талаби коронавирус инфекциясига нисбатан “ноль бардошлик” сиёсатига барҳам бериш эди, бу эса касал одамлар бор жойда қаттиқ блокировка қилишни назарда тутади. Кейинроқ намойишчилар Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг истеъфосини ҳам талаб қилиб, ҳукмрон Хитой Коммунистик партиясини танқид қилиб, демократик ислоҳотлар ўтказишга чақирди.
Бу Си Цзинпин ХКПни бошқарган 10 йилдаги энг йирик фуқаролик итоатсизлигидир. Полиция намойишларни махсус жиҳозлар ёрдамида бостириб, фаолларни қидирмоқда.
Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сешанба куни Гуанчжоуда 7,000 га яқин COVID-19 ҳолати қайд этилган. Шаҳар аҳолиси тахминан 19 миллион кишини ташкил қилади.
Гарчи дунёнинг аксарият давлатлари 2022 йилга келиб коронавирус чекловларидан деярли бутунлай воз кечган бўлсада, Хитой касалликка нисбатан тоқат қилмаслик сиёсатини давом эттирмоқда. Касал одамлар бор шаҳарларда бутун ҳудудлар блокировка учун ёпилмоқда. Уларнинг аҳолиси рухсатсиз уйларини тарк эта олмайди, ресторан ва кафелар, кинотеатрлар ва бошқа жамоат жойлари, шунингдек, кўпчилик дўконлар ёпилади.