Ссылки доступа

Ҳиндистонда амалиётчи қизнинг ўлдирилиши сабабли шифокорлар норозилиги давом этмоқда


Бутун мамлакат бўйлаб шифокорлар норозилик намойишларини ўтказишди ва шошилинч ёрдамга муҳтож бўлмаган беморларни қабул қилишдан бош тортишди.

Минглаб ҳинд шифокорлари Калкуттадаги шифохоналардан бирида амалиётчи қизнинг зўрланиши ва ўлдирилишидан сўнг бошланган норозилик намойишларини тўхтатишни рад этдилар.

Намойишчилар аёллар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашни ва жиноят ишини тезкор тергов қилишни талаб қилмоқда, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги.

Бутун мамлакат бўйлаб шифокорлар норозилик намойишларини ўтказишди ва шошилинч ёрдамга муҳтож бўлмаган беморларни қабул қилишдан бош тортишди. Ҳукумат шифокорларни ўз вазифаларини бажаришга қайтишга чақирди ва тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар таклиф этиши керак бўлган қўмита тузди.

"Бизнинг муддатсиз иш ташлашимиз ва ўтириш намойишимиз талабларимиз бажарилмагунча давом этади," - деди намойишчилар вакили.

Шифокорлар билан бирдамлик белгиси сифатида Ғарбий Бангал штатидаги икки йирик футбол клубининг минглаб мухлислари якшанба куни кечқурун Калкутта кўчаларида "Биз адолат истаймиз" шиорини айтиб юриш қилдилар.

31 ёшли Мумита Дебнатхнинг жасади 9 август куни топилган. Полиция маълумотларига кўра, у амалиёт ўтаётган Калкуттадаги касалхонада зўрланган ва ўлдирилган. Дебнатх оиласи Мумита гуруҳий зўрлаш қурбони бўлганини таъкидламоқда. Бироқ, ҳозирча фақат бир киши - полиция кўнгиллиси Санжай Рой ҳибсга олинган. Унинг жасад ёнида қулоқчинлари топилган. У жиноятни бўйнига олди.

Аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик Ҳиндистоннинг жиддий муаммоси бўлиб қолмоқда. 2022 йилда полиция ўттиз мингдан ортиқ зўрлаш ҳолатлари ҳақидаги аризаларни қайд этган - бу умумий соннинг кичик қисми, холос. Жинсий зўравонликдан жабр кўрган аёллар, айниқса Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида, қораланади ва камситилади.

XS
SM
MD
LG