Ссылки доступа

Эрон олий етакчисининг жияни намойишларни қўллаб-қувватлагач, ҳибсга олинди


 Фариде Морадхани
 Фариде Морадхани

Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг жияни Фариде Морадханий дунё жамоатчилигини мамлакат ҳукумати билан барча алоқаларни узиб ташлашга чақирганидан кейин ҳибсга олинди.

Унинг акаси Маҳмуд Морадханий Twitter’да маълум қилишича, Фариде 23 ноябрь куни прокуратурага мурожаат қилганида суд қарори билан ҳибсга олинган.

Фариде акаси томонидан эълон қилинган видеомурожаатида дунё ҳамжамиятини Эронни қамраб олган намойишлар фонида мамлакат режими билан алоқаларни узиб, «Теҳрон билан ҳар қандай битимларни бекор қилишга» чақирганди.

Унинг сўзларига кўра, эронликлар мамлакат ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиганлар билан уруш ҳолатидадир. Шунингдек, у демократик мамлакатлардан ўз вакилларини Эрондан чақириб олиб, Эрон вакилларини эса мамлакатларидан чиқариб юборишни сўраганди.

Фариде ва Маҳмуд Морадханий — руҳоний ва мухолифатчи Али Теҳронийнинг фарзандлари бўлиб, у олий етакчининг синглиси Бадри Ҳусайний Ҳоманаий билан турмуш қурганди. Теҳроний октябрда вафот этди.

Эронда намойишлар сентябрь ўрталарида, 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлимидан кейин бошланди. Полиция уни Теҳронда метродан чиқиш чоғида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олган.

Кейинроқ Аминийнинг акаси маълум қилишича, полициячилар у билан «қайта тарбиялаш» ишларини ўтказишга ваъда берган. Полиция участкасидан қиз тез ёрдам машинасида олиб кетилган. Шифокорлар қизда юрак хуружи ва инсульт юз берганини билдирган, у бир неча кундан кейин вафот этган. Эрон полицияси бахтсиз ҳодиса юз берганини даъво қилмоқда.

Эрон ҳукумати фикрича, норозиликлар «ислом режимини заифлаштириш бўйича душман стратегияси»нинг бир қисмидир, мамлакат армияси эса намойишлар фонида «душманларга қарши курашиш» ва хавфсизликни таъминлаш ниятида.

Эрон олий етакчиси Али Хоманаий намойишлар «оддий эронликлар» томонидан ўтказилмаётганини, балки олдиндан режалаштирилганини айтганди, шунингдек, у АҚШ ва Исроилни тартибсизликларни ташкиллаштиришда айблаганди.

XS
SM
MD
LG