Ссылки доступа

Эрон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосарини қатл қилди


Али-Реза Акбари

Эронда Британия фойдасига жосусликда айбланган собиқ мудофаа вазири ўринбосари Али Ризо Акбарий қатл этилди. У икки томонлама Британия ва Эрон фуқаролигига эга эди.

Акбарий дорга осилган, деб хабар берди BBC Эрон давлат матбуотига таяниб. Аввалроқ Эрон Олий суди унинг апелляциясини рад этиб, дастлабки ўлим ҳукмини ўз кучида қолдирган эди.

Собиқ амалдор 2019 йилда ҳибсга олинган ва Британия разведкаси МИ6 учун жосусликда айбланган ва бунинг учун у турли валюталарда икки миллион доллардан ортиқ пул олган. BBC Форс хизмати қўлга киритган аудиоёзувда Акбарий қийноқлардан кейин қилмаган жиноятларини тан олганини айтди.

Британия Бош вазири Риши Сунак Акбарининг қатл этилишини “варвар режимнинг юраксиз ва қўрқоқ ҳаракати” деб атади. Жума куни эрталаб ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Акбарийни зудлик билан озод қилишга чақирди ва ўлим жазосини сиёсий мотивлар деб атади.

Акбарийнинг қатл этилишига жавобан Лондон Эрон бош прокурори Муҳаммад Жафар Монтазерийга қарши санкциялар жорий қилди. Франция расмийлари ҳам қатлни қоралади, шу муносабат билан Эроннинг Париждаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Британия элчисини “Лондоннинг Эрон миллий хавфсизлиги соҳасига аралашуви” муносабати билан чақирган.

Акбарий 1997-2005 йилларда мамлакатни бошқарган президент Муҳаммад Хотамий даврида мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

XS
SM
MD
LG