Эронда аёллар "исломий дресс-кодга" мувофиқ кийинишини назорат қилувчи алоҳида идора тузилди. Бу идора Ислом инқилоби посбонлари корпуси таркибида тузилган, деб маълум қилган Корпуснинг Теҳрондаги кучларининг қўмондони Ҳасан Ҳасанзода.
Янги идоранинг ходимлари аёллар жамоат жойларида исломий либосланиш қоидаларига "масъулиятлироқ ёндашишларини" таъминлаши лозим, улар бу мақсадда махсус тайёргарликдан ўтган.
"Фарда" радиоси хабар беришича, сўнгги кунларда Эрон мутасаддилари аҳолининг юриш-туриши "маънавият ва маърифатга" мувофиқлигини назорат қилишга янги куч билан киришган.
2022 йилнинг сентябрида 22 ёшли Махси Аминий “ҳижобни нотўғри ўрагани учун” аҳлоқ полицияси томонидан қўлга олинганидан сўнг вафот этган эди. Бу эса Эронда бир неча ойга чўзилган норозилик намойишлари бошланиб кетишига сабаб бўлганди.
Намойишларда иштирок этган минглаб киши ҳибсга олинди, айрим норозилар эса дорга осилди. Халқаро ташкилотлар намойишларни куч билан бостириш пайтида камида 500 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Эрон суди камида 11 нафар намойишчига нисбатан ўлим ҳукми чиқарган. Намойишлар чоғида қарийб 15 минг киши куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан тутиб кетилган.
Эрон мутасаддилари аҳолининг юриш-туриши "маънавиятга мувофиқлигини" назорат қилишга янги куч билан киришган.