Ссылки доступа

Испанияда жазирама иссиқ оқибатида 360 киши вафот этди


Испания соғлиқни сақлаш институти мамлакатдаги жазирама тўлқин аллақачон 360 кишининг ўлимига сабаб бўлганини айтди.

Жума куни 123 кишининг иссиқлик билан боғлиқ ўлими ҳақида хабар берилган эди. Европанинг жанубида 8 июлдан буён ғайритабиий ҳарорат кузатилмоқда.

Испанияда ҳаво ҳарорати 45,7 даражага чиқди. Қўшни Португалияда эса бир неча кун давомида ҳаво ҳарорати 40 даражага етди. Португалия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 7—13 июль кунлари аномал иссиқлик туфайли 238 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти кексалардир.

Португалия, Испания ва Францияда юз берган ўрмон ёнғинлари минглаб одамларни уйларини тарк этишга мажбур қилди. Испаниянинг Малага провинциясида 3000 дан ортиқ одам эвакуация қилинди. Франциянинг Жиронд ҳудудидан 12,2 минг киши эвакуация қилинди — у ерда ўрмон ёнғинлари майдони бир суткада 10 минг гектаргача кенгайган.

Буюк Британияда кутилаётган иссиқлик туфайли 15 июль куни аҳоли учун биринчи марта максимал — хавфнинг қизил даражаси эълон қилинди. Синоптикларнинг маълумотларига кўра, 18 ва 19 июль кунлари Лондон, Манчестер ва Ёркни ўз ичига олган ҳудудда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилади, деб хабар бермоқда BBC News.

XS
SM
MD
LG