Миср пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда ҲАМАС билан Исроил ўртасида битим тузилиши кутилаётганди.
Сулҳ шарти икки асосий банддан иборат бўлган: ўтган йил 7 октябрида ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига ҳужуми чоғида гаровга олинган шахсларни озод қилиш эвазига Исроил томонидан ўт очишнинг тўхтатилиши.
Фаластин томони расмий вакилининг Исроил тарафидан таклиф этилган шартларни қабул қилишдан бош тортилиши ҳақидаги сўзидан кейин Исроил ҳукумати раҳбари Бинямин Нетаняҳу Рафаҳ шаҳрига бостириб кириш амалиётини бошлаш муддати белгиланишини билдирган. Reuters қайдича, бу шаҳар охирги ойларда Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлардан қочган фаластинликлар учун “сўнгги бошпана”га айланган эди.
Ўтган якшанба Исроил ва ҲАМАС Мисрга ўз делегацияларини йўллашган. Қоҳирадаги музокараларга қатарлик ва мисрлик воситачилар ҳам етиб боришган. Музокараларда иштирок этиш учун Мисрга АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уильям Бёрнс ҳам борган.
Исроил қўшинларининг Ғазо сектори жанубий ҳудудларидан олиб чиқилганининг эртаси куни бўлмиш 8 апрель куни Нетаняҳу ўзига Қоҳирада бўлиб ўтган музокаралар бўйича тафсилотли ҳисобот берилганини айтган.
“Биз мақсадимизга эришиш учун мунтазам ишлаяпмиз. Энг аввало, бу гаровдаги барча кишиларимизни озод қилиш ва ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонишга эришишдир”, деган Нетаняҳу Қуддус шаҳрида.
У “мазкур ғалаба Рафаҳ шаҳрига кириб, у ерда бўлган террорчилар батальонларини йўқ қилишни талаб қилади”, дея билдирган. “Бу иш амалга ошириладиган сана ҳам белгиланган” деган Исроил бош вазири мазкур санани очиқлаган эмас.