Ссылки доступа

Олмаотада қорақалпоғистонлик фаол қўлга олинди


Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот хизмати 16 февраль куни қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай) қўлга олинганига оид маълумотни тасдиқлади.

Озодликнинг қозоқ хизмати қайдича, Ақилбек Муратбай 15 февраль оқшомида X ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали уйига Ички ишлар вазирлиги ходимлари келгани маълум қилган. Кейинроқ у севган қизига телефон қилиб, Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олиниб, Олмаота полиция департаментига етказилганини билдирган.

Полиция баёнотига мувофиқ, ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

“Олмаота шаҳар полицияси ходимлари давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик Ақилбек Муратовни қўлга олишган. У вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирги пайтда Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан, Фуқаровий, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий алоқалар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, Ўзбекистон полицияси томонидан қидирилаётган Ақилбек Муратовни экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда”, деган Олмаота шаҳар полиция департаменти матбуот котиби Салтанат Азирбек Озодликнинг қозоқ хизматига.

Қароргоҳи Венада жойлашган Freedom for Eurasia ҳуқуқбонлик ташкилоти аввалроқ Қозоғистон расмийларини Ақилбек Муратбайни озод қилишга чақирган эди. Ҳуқуқбонларга кўра, Ўзбекистон расмийлари сўровига биноан қўлга олинган Муратбай “жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.

Россиядаги “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв ўз баёнотида Ақилбек Муратовни Олмаотадаги қорақалпоқ диаспорасининг асосий фигураларидан бири ўлароқ қайд этган. У Қозоғистон ва халқаро ОАВ, Қозоғистон давлат идоралари ва Ўзбекистон консулхонаси билан фаол мулоқотда бўлган. Ўтган йил октябрида ОАВда махсус хизматлар Ақилбек Муратбайнинг Навоийдаги қариндошларидан бирини қўрқита бошлагани, Ўзбекистон бош консулининг маслаҳатчиси эса ундан қорақалпоқ муаммоси бўйича чиқишларидаги “оҳангни юмшатиш”ни сўрагани, бироқ Муратбай бу “тавсия”ни бажармагани ҳақида хабарлар тарқалган.

XS
SM
MD
LG