Ссылки доступа

Назарбоевнинг собиқ келини 12 йилга қамалди


Жиноят иши Гулмира Сатиболдининг собиқ куёви Абай Жунусовнинг аризасига биноан қўзғатилганди.

Олмаотада Гулмира Сатиболди яна бир жиноий иш бўйича айбдор топилди ва 12 йилга қамалди. Суд Нурсултан Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатиболдининг собиқ рафиқасини товламачилик, ўзбошимчалик ва одам ўғирлашда айбдор деб топди. У билан бирга судланган ҳайдовчиси Мади Батиршаев 9 йилга қамалди.

Жиноят иши Гулмира Сатиболдининг собиқ куёви Абай Жунусовнинг аризасига биноан қўзғатилган, деб хабар берганди маҳаллий ОАВ.

Аввалроқ, 2023 йилнинг май ойида Гулмира Сатибалди товламачилик ва ўзгалар мулкини ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Биринчи президентнинг бир вақтлар нуфузли жияни Қайрат Сатиболдининг собиқ рафиқаси Гулмира Сатиболди 2022 йилнинг 16 мартида ҳибсга олинган эди.

Аввалроқ унинг эри Қайрат Сатиболди ҳам жиноий йўл билан топилган даромадни легаллаштиришда айбланиб олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Қайрат Сатиболди Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси, 1981 йилда ЙТҲда вафот этган Сатиболди Назарбоевнинг ўғлидир.

2018 йилда Қозоғистоннинг Forbes журнали Қайрат Сатиболди мамлакатнинг 50 та энг бой бизнесменлари қаторига киритди. Нашр унинг бойлигини 163 миллион долларга баҳолаган.

Қозоғистонда январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг Назарбоев оиласи аъзолари ва яқинлари ўз лавозимларидан айрилди.

XS
SM
MD
LG