Ссылки доступа

Қозоғистонда сайлов олдидан жиноий гуруҳ ҳибсга олинди


Қозоғистон расмийлари пайшанба куни мамлакатда бўлажак президентлик сайловлари пайтида тартибсизликларни режалаштирган бўлиши мумкин бўлган етти кишини ҳибсга олганини эълон қилди.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси прокуратура кўмагида жорий йилнинг 20 ноябрь куни оммавий тартибсизликларни режалаштириш ва уюштириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди”, — дейилади махсус хизмат хабарида.

Айни вақтда ушбу жиноий гуруҳ нафақат кенг кўламли норозилик намойишларини уюштиргани, балки ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда маъмурий бинолар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг идораларига ҳам ҳужум қилишни режалаштиргани айтилади. Гумонланувчилардан «Калашников» автоматлари, ўқ-дорилар, “Молотов коктейли” учун материаллар ва расия мусодара қилинди.

“Франс Пресс” Қозоғистон махсус хизматларига таяниб, мухолифат тарафдорлари, аниқроғи, мамлакатда тақиқланган “Қозоғистон демократик танлови” ташкилоти етакчиси Мухтор Аблязов фикрига қўшилганлар томонидан уюштирилган давлат тўнтаришига уринишнинг олди олингани ҳақида хабар берди. Унинг тарафдорлари сўнгги йилларда Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетишини талаб қилиб, бир неча бор норозилик намойишларини ўтказган.

Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари амалдаги давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг ҳокимиятини кучайтириши кутилмоқда. У ўз вақтида собиқ Совет республикасини 30 йилдан ортиқ бошқарган Нурсултон Назарбоевнинг вориси бўлди.

Шу йилнинг январь ойида Қозоғистонда ёқилғи нархининг кескин ошишига қарши йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар Назарбоевнинг ҳокимиятдан ҳақиқий воз кечиши талаби билан боғлиқ сиёсий шиорларни ҳам илгари сурди. Намойишлар тартибсизликлар, полиция ва армия билан тўқнашувлар билан кечган. Икки юздан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Кейинчалик 2022 йилда Назарбоев ҳокимиятдаги мавқеини йўқотди. Унинг қариндошлари юқори лавозимларни тарк этишган. Қонунчилар Назарбоевнинг умр бўйи Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқлари ассамблеясига раислиги, шунингдек, у билан ташқи ва ички сиёсат ташаббусларини мувофиқлаштириш зарурлигини бекор қилувчи ўзгаришларни маъқуллади.

Сентябрь ойида Қасим-Жўмарт Тўқаев Конституцияга мамлакат пойтахти Нур-Султонни аввалги номи Остонага қайтариш бўйича ўзгартиришларни имзолаган эди. Худди шу тузатишлар президентлик муддатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йил билан чеклади.

XS
SM
MD
LG