Ссылки доступа

Қозоғистонда ҳашам учун солиқ жорий этилади (видео)


Қозоғистон ҳашам учун солиқ жорий қилмоқчи: уни қимматбаҳо машиналар ва бир нечта квартира ва уйлар эгалари тўлайди.

Келгуси йилдан бошлаб Қозоғистонда ҳашамат учун солиқ жорий этилади. Иқтисодиёт вазири Алибек Қуантировга кўра, ушбу норма Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилгандан кейин ишлайди.

Икки ёки ундан ортиқ мулк, ҳашаматли автомобиллар ва бошқа ҳашаматли буюмларга эга бўлганлар учун солиқ ставкаси оширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳукумати солиқлар ёрдамида Миллий жамғармадан трансфертларга таъсир қилмасдан, бюджетдаги камомадни ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Айни пайтда Қозоғистонда ягона даромад солиғи мавжуд ва ҳар бир фуқаро, даромад миқдоридан қатъи назар, давлатга иш ҳақининг 10 фоизини тўлаши шарт. Ушбу солиқ ставкаси дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Қўшилган қиймат солиғи эса 12 фоизни ташкил этади ва бу ҳам аҳоли учун юқори юк ҳисобланмайди. Ҳокимият ва экспертларнинг фикрича, ҳашам учун солинадиган солиқ жамиятдаги тенгсизлик даражасини пасайтириши мумкин.

Қозоғистонда деярли бир йилдан бери бадавлат фуқаролар учун солиқ ставкаларини ошириши ҳақида гап кетмоқда. 2022 йил сентябрь ойида президент Тўқаев ўз мурожаатида тегишли кўрсатма берган эди. Хусусан, унинг айтишича, биринчи навбатда қиммат кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олишга қодир бўлган Қозоғистон аҳолисини кўпроқ тўлашга мажбур қилиш керак.

2025 йилда Қозоғистон иқтисодиётни фискаллаштиришни режалаштирмоқда. Унга кўра, ҳар бир фуқаро солиқ декларациясини тақдим этиши шарт. Бу солиқ тизимини янада самаралироқ қилиш учун ҳам амалга оширилади. Бироқ, баъзи экспертлар, масалан, таҳлилчи Андрей Чеботарев, ставкалар нафақат бойлар учун, балки бошқа барча фуқаролар учун ҳам ошиши мумкинлигини истисно қилмайди.

XS
SM
MD
LG