Қозоғистонлик мухолифатчи, “Бәсе” ахборот канали раҳбари Айдос Садиқовга суиқасд уюштирганликда айбланаётганлардан бири Қозоғистонда таслим бўлди.
Қозоғистон Бош прокуратураси Садиқовга суиқасдда гумонланаётган икки шахсдан бири Олтой Жаканбоев ҳибсга олинганини маълум қилди.
Прокуратурга баёнотида айтилишича, Жаканбоевнинг ўзи жума куни Қозоғистон ички ишлар органларига мурожаат қилган. У сўроқ қилинган ва ҳибсга олинган.
Иккинчи гумонланувчи Мейрам Каратаев ҳамон қидирувда.
Айдос Садиқовга суиқасд 18 июнь куни эрталаб уюштирилган. Номаълум шахс Садиқов машинада ўтирган пайтда уни ўққа тутган. Мухолифатчи касалхонага олиб кетилган, автомобилда унинг ёнида ўтирган хотини эса жабрланмаган. Садиқовнинг ҳолати барқарор оғир эканлиги айтилмоқда.
Журналистнинг рафиқаси суиқасдни уюштирганликда Қозоғистон ҳукуматини, ҳусусан президент Қосим-Жўмарт Тўқаевни айблаган.
Айдос Садиқов Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Хусусан, у Тоқаевни россияпарастликда айблаб келади.
Эр-хотин Садиқовлар Қозоғистонда Наталья Садиқовага нисбатан жиноят иши очилганидан кейин 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган.
Айдос Садиқов ҳам ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган.
“Бәсе” youtube-каналини юритиб келган Айдос ва Наталья Садиқовалар ўтган йилнинг кузида низо қўзғатганлик айблови билан Қозоғистон расмийлари томонидан қидирувга берилган эдилар.
Қозоғистонлик мухолифатчига суиқасд уюштирганликда гумонланаётганлардан бири Қозоғистонда таслим бўлди

Иккинчи гумонланувчи Мейрам Каратаев ҳамон қидирувда.