Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти «Озодлик» радиосининг аккредитациясини тўхтатди


Қирғизистон парламенти “Озодлик/Озод Европа” радиосининг қирғиз хизмати “Азаттик Медиа” журналистларининг аккредитациясини тўхтатди. Бу ҳақда 16 ноябрь куни парламентнинг ўзида маълум қилинди.

Уларнинг қайд этишича, бу қарор Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг Азаттик Медиа сайтларини икки ой муддатга блокировка қилиш ҳақидаги фармони асосида қабул қилинган.

Вазирлик 26 октябрь куни «Азаттик»ни блоклашга қарор қилди. Бундан олдинроқ «Азаттик» телеканали теле ва радио дастурларини эфирга узатиш НТРК ва НТС давлат медиахолдингларига тегишли “Биринчи радио” ва «Санжара» телеканаллари томонидан тўхтатилган эди. НТС раҳбари Аидай Ивакова кўрсатувлар тўхтатилишига нима сабаб бўлгани ва бу борада расмий буйруқ бор-йўқлигига аниқлик киритмади, бироқ «Азаттик»нинг кўрсатувлари расмийлар билан муаммолар ҳал этилмагунча эфирга узатилмаслигини айтди.

Бундан ташқари, 31 октябрь куни Қирғизистондаги ДемирБанк Азаттик Медиа ҳисоблари блоклангани ҳақида оғзаки хабар берди. 2 ноябрь куни Демир Банк сўровига жавобан “Террорчилик фаолиятини молиялаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун асосида ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатилганини маълум қилди.

“Озод Европа/Озодлик” радиоси раҳбарияти бу қадамларни Қирғизистонда демократияга путур етказувчи эркин оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқиб сифатида баҳолади.

Азаттик - нотижорат, мустақил Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиоси корпорациясининг қирғиз хизмати бўлиб, Қирғизистонда расмий равишда Азаттик Медиа Институти сифатида рўйхатдан ўтган.

Азаттик Қирғизистон ва жаҳондаги воқеалар, ижтимоий ҳаёт ва демократик ҳодисаларни холис ёритиб боради, ўз материалларини телевидение, радио, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатади.

XS
SM
MD
LG