Ссылки доступа

Туркманистонда бюджетчилар пахта теримига мажбуран жалб қилинмоқда


Туркманистон кўп йиллардан буён пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимларини, аскарларни ва мактаб ўқувчилари жалб қилади, бироқ буни тан олмайди.

Туркманистоннинг Мари, Лебап ва Болқон вилоятларида давлат муассасалари ўз ходимларини пахта далаларига жўнатмоқда ҳамда ёлланган теримчилар учун ходимлардан маблағ йиғмоқда. Бу ҳақида Озодлик мухбирлари жойлардан хабар берди.

Мари вилоятида давлат идораларида пахта терими учун пул йиғилмоқда. Ҳар бир идора пахта даласига камида 15 нафар ходим юбориши керак. Шунингдек, ҳар бир ходим, ўз навбатида, теримчиларни ёллаш учун 40 манатдан топшириши керак.

Озодлик билан аноним суҳбатлашган Мари тиббиёт муассасалари ходимларининг сўзларига кўра, сентябрь ойи бошида давлат муассасалари пахта теримига юбориши керак бўлган ходимлар сони икки баравар кўпайиши кутилмоқда.

Туркманистонда пахта териш мавсуми расман сентябрнинг ўртасидан бошланади. Ҳукуматнинг 1 миллион 250 минг тонна пахта териш бўйича йиллик режасини бажариш учун йиллар давомида бюджетчилар пахта теримини олдиндан бошлашга ва декабрдаги совуқ тушгунга қадар теримни давом эттиришга мажбур бўлмоқда.

Ўтган ҳафта маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, Лебап полицияси собиқ маҳбусларни пахта теримига юбориб, шу тариқа пахта теримида шахсан иштирок этишдан қочган.

Туркманобод кимё комбинатида ҳам пахта терими учун пул йиғилган. 1000 нафар ходими бўлган компания ҳар куни 30 кишини пахта даласига жўнатади ва қўшимча одам ёллайди. Корхонадаги вазиятдан хабардор бўлган манбанинг айтишича, ёлланма ишчи меҳнати учун ходимлардан 30 манатдан ундирилмоқда.

Болқон вилояти бюджетчилари деярли бир ҳафтадан бери пахта даласидадир. Бу ерда ҳам ўзи далага чиқмайдиганлар кунига 45 манатдан ёлланма теримчига пул ажратади.

Туркманистон кўп йиллардан буён пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимларини, аскарларни ва мактаб ўқувчилари жалб қилади, бироқ буни тан олмайди.

2023 йилда Туркманистонга ташриф буюрган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) миссияси мамлакат пахта далаларида мажбурий меҳнат изларини, шу жумладан болалар меҳнатини аниқлади. Бу ҳақда Turkmen.news нашри ХМТ стандартларини қўллаш қўмитасининг дунёнинг турли мамлакатларида мажбурий меҳнатга бағишланган ҳисоботига таяниб хабар берди.

XS
SM
MD
LG