Ссылки доступа

Тоғли Қорабоғда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди


Тоғли Қорабоғдаги озарбайжонлик ҳарбийлар ва тинчликпарвар кучлар, 2020 йил 26 ноябри

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ минтақаси раҳбари Араик Арутюнян 3 август куни қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар қилди Россиянинг “Интерфакс” агентлиги.

Мазкур қарор минтақада озарбайжон-арман можароси кучайиб бораётгани манзарасида қабул қилинган. Ўзини мустақил деб эълон қилиб олган республика ҳарбийлари Озарбайжон Қуролли кучлари дронларидан берилган зарба оқибатида икки ҳарбий ҳалок бўлгани, бир неча аскар яралангани ҳақида билдиришган.

Ўз навбатида, Боку Арманистон томонидан ўт очилгани оқибатида Лочин туманида ўз ҳарбийси вафот этганини маълум қилган.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги зиддият 2020 йил кузида таранглашиб кетган. Икки ўртада бошланган тўқнашувлардан 44 кун ўтиб, Боку ва Ереван Москва воситачилигида жанговар ҳаракатларни тўхтатишга оид келишувни имзолашган.

Сўнгги кунларда Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ ҳудудлари кесишган жойда томонлар бир-бирларини оташкесим тартибини бузганликда айблай бошлаганлар. Озарбайжон Қорабоғ бўйича имзоланган келишувларга риоя қилинмаётганини қайд этиб, Арманистон Қуролли кучлари Боку назорати остига ўтган ҳудудлардан тўлалигича олиб чиқиб кетилмаганини урғуламоқда.

XS
SM
MD
LG