Ссылки доступа

Покистондаги ҳужум чоғида собиқ бош вазир Имрон Хон яраланди


Покистонда мамлакат собиқ бош вазир Имрон Хон кортежи ўққа тутилган. Хабарларга кўра, кортеж пойтахт Исломободдан тақрибан 200 километр наридаги Вазирободда номаълум шахс томонидан автоматдан ўққа тутилган.

Имрон Хон бу шаҳарда ўз партиядошлари билан биргаликда сайловолди ташвиқоти юритаётган эди. Ҳужум натижасида, собиқ бош вазир сафдошларига кўра, бир неча киши жароҳат олган, бир киши ҳалок бўлгани тўғрисида тасдиқланмаган маълумот бор.

Собиқ бош вазирнинг ўзи оёғидан яралангани ортидан касалхонага етказилган, унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ. Ҳукуматнинг амалдаги раҳбари Шаҳбоз Шариф ҳужумни қоралаб, ҳодиса юзасидан тергов бошлашни топширган.

Имрон Хон шу йил апрелида Покистон парламентида ишончсизлик билдирилганидан кейин истеъфога чиққан эди. Ҳозирда у мухолифат раҳбари бўлиб ҳисобланади.

Сўнгги пайтларда Имрон Хон ва унинг тарафдорлари Исломободга юришга ҳозирланишаётган эди. Уларнинг иддаосича, бу ерда гап тинч намойиш ҳақида бормоқда. Имрон Хон суд қарори билан кейинги йилда бўлиб ўтадиган сайловга ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, бироқ унинг тарафдорлари фаол сайловолди курашини олиб боришмоқда.

XS
SM
MD
LG