Ссылки доступа

Пекин томони ХХР раисининг Қозоғистон ва Тожикистонга ташрифини эълон қилди 


Си Цзиньпин
Си Цзиньпин

Хитой ташқи ишлар вазирлиги якшанба куни ХХР раиси Си Цзиньпиннинг 2 июлдан 6 июлгача Қозоғистон ва Тожикистонга амалга оширадиган давлат ташрифи тайёрланаётгани ҳақида хабар қилди.  

Остонада Си Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) нинг 24 саммитида иштирок этади. Асосий вазифаларидан бири кенг маконда хавфсизликни таъминлаш ва террорчиликка қарши кураш эканлиги эълон қилинган ушбу бирлашма 2001 йили Хитой, Россия ва Марказий Осиёнинг қатор собиқ совет республикалари иштирокида ташкил этилган.

Кутилаётганидек, ШҲТнинг 3-4 июль кунги саммитида иштирокчилар иқтисодиёт ва энергетика масалаларига эътиборни қаратишади. Шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши, жаҳон сиёсатининг бошқа мавзулари билан боғлиқ масалаларнинг ҳам муҳокама қилиниши кутилади.

Россия 2022 йилнинг февраль ойи охирида Украинага қарши кенг қамровли ҳарбий босқинни бошлаганидан кейин Пекин Москва билан ҳамкорликни нафақат давом эттирди, балки уни фаоллаштирди. Бироз вақт олдин Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин “чекловларсиз” янги шерикчилик тўғрисида келишиб олдилар, ОАВ қайд этаётганидек, унинг муайян қисми Ғарбнинг қудрати ва таъсирига қарши қаратилган. 2024 йилнинг май ойи бошида президент сифатида бешинчи муддатга қасамёд қилганидан кейин Путин Хитойни биринчи хорижий ташриф сифатида танлади.

Марказий Осиё минтақаси хусусида сўз борар экан, Хитой бир қатор йирик қўшма лойиҳаларга, жумладан, “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” транспорт магистралини ривожлантиришга миллиардлаб доллар ажратишга ваъда берган. Тожикистонда Хитой иштирокида Афғонистон билан чегара яқинида қуёш электростанцияси қуриш режалаштирилмоқда. Бир вақтнинг ўзида, яқинда Вашингтон таҳлилий марказининг Атлантика кенгаши тарқатган маърузада ўрин олган тахминга кўра, Хитой ўзининг авторитар моделини бошқа мамлакатларда тажриба сифатида тарқатмоқда.

ХХР Россиянинг Украинага босқинини бирор марта қораламади ва БМТнинг Бош Ассамблеясидаги тегишли резолюцияларига овоз бермади, аммо бир неча марта АҚШ ва Ғарбни “можарони авж олдиришда” айблади. Айни пайтда Хитой Қрим ва кейинчалик Украинанинг Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларининг аннексия қилинишини расман тан олмади, шунингдек, Пекин урушда ядровий қурол қўлланилишини “қатъиян номақбул” деб ҳисоблаши борасида Кремлга тушунча берди.

Хитой Ғарб хавотир билдираётганидек, Россиянинг Украинада уруш олиб боришига ёрдам бериши мумкин бўлган станок, электроника ва бошқа товарларни Россияга экспорт қилишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG