Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида кўприкдан дарёга қулаб тушган йўловчи ташийдиган автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинди.
Асли тожикистонлик бўлмиш, бироқ Россия фуқаролигини олган Раҳматшоҳ Қурбонов тергов даврида икки ой ҳибсда қолади. Судда ҳайдовчи автобуснинг тормозлари носоз бўлгани автоҳалокатга олиб келганини айтган. У жабрланганлар ва қурбонларнинг яқинларидан кечирим сўради.
Автопарк эгаси "Такси" МЧЖга қарши ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ширкатнинг ўзи автобус йўналишга чиқиш олдидан яроқли ҳолатда бўлганини, ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтказилганлигини маълум қилди. Бироқ, Қурбоновнинг рафиқаси маҳаллий ОАВга 20 соат ишлаб келган эри беш соатча дам олгандан сўнг яна ишга чақириб олинганини айтган.
Шунингдек, Тергов қўмитаси Раҳматшоҳ Қурбоновни меҳнат муҳожирларни ўз хонадонига сохта рўйхатга қўйганликда айбламоқда. ТҚ баёнотида айтилишича, Қурбонов "пул эвазига камида 10 нафар чет эл фуқаросини ўзига тегишли квартирада сохта рўйхатдан ўтказган".
10 май куни содир бўлган ЙТҲ Санкт-Петербургда сўнгги йигирма йилдаги энг талофатли воқеа бўлди. Автоҳалокат чоғида автобусда 20 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида етти йўловчи ҳалок бўлган, яна икки кишининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар қилинмоқда.
Шаҳар видеокузатув камераларидан олингани айтилган ва тармоқда пайдо бўлган видеода автобусни дарёга қулаши олдидан бошқариб бўлмай қолганини кўриш мумкин. У енгил автомобиллар билан тўқнашиб кетган.
Жабрланганларга илк ёрдамни йўлдан ўтиб кетаётган одамлар ва автоҳалокат гувоҳлари кўрсатганлар. Улар йўловчиларни автобус томидаги люк орқали чиқаришган ва уларга қутқарув ҳалқаларини ташлашган.
Петербургдаги автоҳалокат юзасидан “эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши” моддаси бўйича жиноят иши очилган.