Ссылки доступа

Туркия жанубидаги зилзиладан вайрон бўлган ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди


Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатнинг 6 февралдаги вайронкор зилзиладан энг кўп жабр кўрган 10 вилоятида уч ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Эрдўғон келтирган сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 3500 дан ортиқ одам табиий офат қурбони бўлган. Қўшни Сурияда қурбонлар сони 1600 дан ошгани хабар қилинмоқда.

Сешанба куни телевидение орқали қилган мурожаатида Эрдўғон қидирув-қутқарув ишларини тезкорлик билан ўтказиш мақсадида мамлакат жануби-шарқида фавқулодда ҳолат жорий этилишини таъкидлади. Махсус чора-тадбирлар, унинг сўзларига кўра, жабрланган ҳудудларга фавқулодда хизматлар, шунингдек, молиявий ёрдам кўрсатиш имконини беради. Туркия президенти бошқа тафсилотларни келтирмади.

Туркияда охирги марта фавқулодда ҳолат 2016 йилда расмийлар давлат тўнтаришига уриниш деб атаган воқеалардан кейин икки йилга жорий қилинган эди.

Мавжуд фавқулодда режим 14 майга белгиланган президентлик сайловларига қисқа вақт қолганда тугатилиши керак, бунда Ражаб Тоййиб Эрдўғон 20 йиллик ҳокимиятдан кейин ҳам ўз лавозимини сақлаб қолишга ҳаракат қилади, деб ёзади BBC.

7,8 магнитудали кучли зилзила душанба куни, маҳаллий вақт билан соат 5 да, кўпчилик ҳали ҳам ухлаб ётган пайтда содир бўлди. Зилзила эпицентри Туркиянинг Газиантеп шаҳри яқинида жойлашган. Сейсмологлар манбани 18 километр чуқурликда қайд этишди. Кейинчалик, 6 февраль куни Қаҳрамонмараш вилоятининг Элбистон вилоятида, яъни мамлакатнинг тахминан худди шу қисмида 7,5 магнитудали яна бир зилзила содир бўлди.

Туркия Табиий офатлар ва Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг сўнгги маълумотларига кўра, зилзила оқибатида мамлакатда 4700 дан ортиқ бино вайрон бўлган.

Туркияда қидирув-қутқарув ишларига жойларда кучли ёмғир, баъзи жойларда қор ҳам тўсқинлик қилмоқда. Жумладан, Адана шаҳрида вайроналарни олиб ташлашда оғир техникалардан фойдаланиш тунда ҳам тўхтатилмаган. Йиқилган оғир плиталар, бетон бўлаклари бошқа аҳоли пунктларида бўлгани каби кучли прожекторлар билан ёритилган. Аданада кўплаб аҳоли уйларини йўқотди, уларнинг баъзиларида на пойабзал, на кийим, на телефон учун зарядловчи қурилма бор. Шу билан бирга, келгуси ҳафтада минтақада аёзли об-ҳаво кутилмоқда.

Қидирув операцияларига 70 та давлат ёрдам таклиф қилди. Туркия ҳукумати уйидан айрилган одамларни вақтинча жойлаштириш учун Анталиянинг туристик марказида меҳмонхоналар очишни режалаштирмоқда.

Жаҳон етакчилари Суриянинг шимоли-ғарбидаги зилзиладан жабр кўрган ва ўн йилдан ортиқ вақтдан бери фуқаролар уруши давом этаётган ҳудудларга ёрдам ва қутқарув гуруҳларини жўнатиш учун қийин логистикага дуч келишмоқда. Миллионлаб суриялик қочқинлар Туркия билан чегарадаги лагерларда яшайди. Сурия ҳудудининг ҳозирги зилзиладан зарар кўрган қисми Дамашқ ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга бўлинган ва охирги анклав президент Башар ал-Ассад мухолифлари қўлида. Бир неча йилдирки, мухолифат назорати остидаги ҳудудларда инсонпарварлик амалиётлари БМТ назоратида. Сурия Қизил ярим ой жамияти ҳозирги шароитда ёрдам сўраб БМТга мурожаат қилди.

Сурияда ҳам минглаб уйлар вайрон бўлган, ўнлаб шаҳарлар, жумладан Дамашқ ва Латакия зарар кўрган. Бир неча йил аввал Россия армияси кўмагида уюштирилган ҳужум пайтида шиддатли жанглар майдони бўлган Алеппо шаҳри бундан ҳам кўпроқ зарар кўрди. ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий қалъа жиддий шикастланган.

XS
SM
MD
LG