Россияда меҳнат муҳожирларининг фарзандларини мактабга қабул қилишда рус тилидан мажбурий имтиҳон топшириш жорий этилмоқда.
Тегишли қонун лойиҳаси аллақачон Давлат думасига киритилган бўлиб, уни Рособрнадзор ҳам қўллаб-қувватлаган. Бундай имтиҳоннинг зарурати ўқитувчилар учраётган қатор муаммолар билан асосланмоқда. РАНХиГС марказининг маълумотларига кўра, сўровда қатнашган ўқитувчиларнинг 53 фоизи мигрантлар болаларида рус тили ва умумтаълим фанларини ўзлаштиришда қийинчиликлар борлигини таъкидлаган.
Мигрантларнинг ўзлари Россияда болани мактабга беришнинг илгари ҳам мушкул бўлганини айтишмоқда: болаларини мактаблар тўлиб кетгани важи билан қабул қилишмас эди. Янги ўзгартиришлар эса Россияда мактаб таълимини олишни бутунлай имконсиз қилиб қўйиши мумкин. Бунинг сабабларини улар "Мигрант Медиа" лойиҳаси журналистларига тушунтириб беришди.
Москвада яшаб, ишлаётган қирғизистонлик Гулмайрам бу йил илк бор фарзандларини Россия мактабига бериши керак. Янги ўқув йили яқинлашган сари аёлнинг ташвиши ортмоқда. Унинг айтишича, қонун ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, баъзи мактабларда ҳозирданоқ рус тилидан имтиҳон топшириш талаб қилинмоқда.
"Апрель ойида тўрт фарзандимиз билан келдик. Улардан иккитаси мактаб ёшида. Қизим бешинчи синфга ўтди. Ўғлим саккизинчига ўтиши керак эди, - дейди Гулмайрам. - Бу ерда (Москвада) мактабга кириш учун рус тилидан имтиҳон топшириш шарт. Ҳатто бола тилни билса ҳам, уни бир синф пастга олишади. Билмаса - икки синф пастга. Ўғлим русчани билади, қизим эса йўқ."
Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантлар Россияда болаларни мактабга жойлаштириш илгари ҳам осон бўлмаганини айтишмоқда. Яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг қатъий шартлари туфайли уларнинг фарзандлари кўпинча йиллар давомида таълим олмай қолган.
"Имтиҳон ўтказилади дейишмоқда. Менинг болам ҳатто имтиҳон нима эканлигини билмайди. У рус болалари билан мулоқот қила олмайди. Мен бундан хавотирдаман, - дейди яна бир қирғизистонлик мигрант Табиғат. - Менинг болам ҳозирданоқ йиғлаяпти, мактабга боришни хоҳламайман, деяпти. Бу мутлақо нотўғри. Болани мактабга жалб қилиш, унга: "Биз сенга ўргатамиз, сен янги нарсаларни ўрганасан", дейиш керак".
"Бу, албатта, камситиш. Ҳеч кимнинг таълим олиш ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас, - дейди миграция масалалари бўйича эксперт Нурсултон Қорабоев. - Болаларни тестдан ўтказиш мумкин эмас. Барча мамлакатлар конституцияларида, шу жумладан Россия конституциясида ҳам 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар тили ёки миллатига қараб камситилмаслиги лозимлиги кўрсатилган."
Ҳуқуқбонлар ҳали ҳам Давлат думаси қонун лойиҳасини рад этишига умид қилмоқда. Лекин у қабул қилинса, кейинги ўқув йилидан бошлаб имтиҳонлар жорий этилиши мумкин.
Россияда мигрантлар фарзандини мактабга рус тили имтиҳони асосида қабул қилиш жорий этилмоқда (видео)
Бундай имтиҳоннинг зарурати ўқитувчилар учраётган қатор муаммолар билан асосланмоқда.