Баҳодир Ҳасанов устидан суд 10 сентябрь куни бўлиб ўтди. Унинг яқинларига кўра, Баҳодир блогерлик фаолияти учун "жазоланган".
Унинг отаси Зоҳир Ҳасанзоданинг Озоди радиосига айтишича, суд мажлиси адвокатлар ва яқинлари иштирокисиз ўтган.
Ҳибсга олинганидан сўнг Баҳодир Ҳасанов ўзининг Facebook’даги саҳифасида самарқандлик бир кишининг шикояти акс этган видеони эълон қилгани учун ички ишлар уни таъқиб қилаётганини ёзди.
Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевнинг маълум қилишича, 10 сентябрь куни Ҳасанов бир аёлдан олинган ариза асосида қўлга олинган. Унинг сўзларига кўра, жамоат жойида видео суратга олиш вақтида бир аёл блогердан уни тасвирга олмасликни сўраган, бироқ бунга жавобан Ҳасанов уни ҳақорат қилган.
Ҳасановнинг отаси ўғлининг бундай ҳаракатларни қилмаганини ва унга қўйилган айблов туҳмат эканлигини таъкидламоқда.
Баҳодир Ҳасанов аввал "Самарқанд овози" газетасила ишлаган, уч нафар фарзанди бор. Ҳасанов бир неча йилдан буён мустақил журналист ва блогер сифатида фаолият юритиб келади.