Ссылки доступа

АҚШда 8 нафар тожикистонлик ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди


Бу тожикистонликлар, юзлаб тожикистонликлар қаторида, Мексика орқали АҚШга ноқонуний кириб келган ва расман бошпана сўраган. 

АҚШнинг уч шаҳарида 8 нафар Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Иммиграция ва божхона хизмати ҳамда ФҚБнинг махсус амалиётда ушланган ушбу тожикистонликлар ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилмоқда. Бу ҳақда 11 июнь куни деярли барча маҳаллий ОАВ хабар берди.

ОАВ манбаларининг маълум қилишича, ФҚБ пост-совет ҳудудидан келаётган террорчилик таҳдидидан аввалроқ хабар топган ва умумий тергов доирасида ушбу тожикистонликларни кузата бошлаган. Юқори мартабали манба айтишича, улар бир неча ой давомида кузатилган. Бироқ, тожикистонликлар иммиграция қонунчилигини бузганликда айбланиб ҳибсга олинганлар, чунки ҳозирча террорчилик актига тайёргарлик кўришда уларни айблаш учун етарли далил мавжуд эмас. Тожикистонликлар мамлакатдан депортация қилиниши мумкин.

Бу тожикистонликлар, юзлаб тожикистонликлар қаторида, Мексика орқали АҚШга ноқонуний кириб келган ва расман бошпана сўраган.

Шу ҳафтадан АҚШнинг Калифорния штати чегара хизматига Тожикистон ва яна бешта постсовет мамлакатидан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олинганидан кейин зудлик билан ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланди.

Эндиликда, Грузия, Молдова, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан бўлган балоғат ёшидаги мигрантлар зудлик билан АҚШдан бадарға қилинади.

Қолган барча ноқонуний мигрантларга уларнинг ишлар бўйича суд жараёни пайтида АҚШ ҳудудида юришга рухсат этилади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Мексика-АҚШ чегарасидан ярим миллион ноқонуний ўтиш қайд этилган эди.

Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани билдирилган эди.

XS
SM
MD
LG