Тожикистонда суюлтирилган газ икки ҳафта ичида 30 фоизга қимматлашди. Бундан ташқари, сўнгги кунларда унинг танқислиги ҳам кузатилмоқда.
Бу ёқилғи тури мамлакатда энг оммабоп ҳисобланади. Монополияга қарши хизмат маълум қилишича, ёқилғининг бундай қимматлашишига сабаб ташқи омиллардир.
"Бизда суюлтирилган газнинг қарийб 95 фоизи Қозоғистондан келади. У ердаги суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи заводларда режали таъмирлаш ишлари бошланган." - деди Монополияга қарши курашиш хизмати раҳбари ўринбосари Сафарали Қурбонзода.
Иқтисодчилар эса газ нархларининг сезиларли қимматлашишини фақат бир мамлакат ишлаб чиқарувчиларига қарамлик билан боғлиқ, деб ҳисоблайдилар.
"Монополияга қарши хизмат, бошқа импорт қилувчи компаниялар каби, нархларга таъсир кўрсата олмайди. Нархларни барқарорлаштириш учун ҳукуматнинг ўзи аралашиши лозим. Масалан, Қозоғистон ҳукуматига расмий равишда мурожаат қилиб, Тожикистон ёқилғини имтиёзли нархда сотиб олиши мумкин. Бундай шартномалар стратегик муносабатларга эга мамлакатлар ўртасидаги одатий амалиётдир," - дейди иқтисодчи Фозилжон Фатуллоев.
Таҳлилчилар газ нархи ўзгаришининг бошқа сабаблари қаторида Тожикистондаги баъзи импорт қилувчи компаниялар бозорда деярли монопол мавқейга эгалигини кўрсатади.
Тожикистон деярли барча суюлтирилган газни чет элдан импорт қилади. 2024 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 200 минг тоннани ташкил этган.
Тожикистонда суюлтирилган газ энг оммабоп ёқилғи тури ҳисобланади.