ЖСТ глобал фавқулодда ҳолат деб атаган маймун чечаги тарқалишининг олдини олиш учун Тожикистоннинг тўртта халқаро аэропорт ва чегара ўтиш жойларида назорат кучайтирилган.
Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати маълум қилди. Хизмат раҳбарининг ўринбосари Наврўз Жафаровнинг айтишича, ЖССТнинг эпидемиологик вазият ҳақидаги хабаридан сўнг давлат чегарасидан ўтиш пунктларидаги санитария-карантин постларида, энг аввало, халқаро аэропортларда тиббиёт ходимларининг шайлиги оширилган.
Тожикистонга яқин бўлган Осиё давлатларидан mpox ҳолати Покистонда тасдиқланган. Жафаровнинг сўзларига кўра, Тожикистондан хавфли мамлакатларга кетаётган барча йўловчилар ва бундай мамлакатлардан келаётган йўловчилар назорат остида бўлиб, улар алоҳида рўйхатдан ўтказилади.
"Хайриятки, шу пайтгача аэропортларда юқори ҳароратли йўловчилар аниқланмаган. Ҳар қандай ҳолатда тана ҳароратини масофадан туриб аниқлаш имконини берадиган назорат тизимлари ўрнатилган. Шунинг учун биз аэропортда ҳарорати юқори бўлган фуқароларни дарҳол аниқлай оламиз," - дейди Жафаров.
Унинг сўзларига кўра, худди шундай тизимлар Сўғд вилояти, Турсунзода ва Дарвозадаги чегара ўтиш жойларида ҳам ўрнатилган ва ЖССТ глобал муаммо ҳақида огоҳлантирганидан сўнг, бу тизимлар барча қуруқликдаги чегара ўтиш жойларида ўрнатилади.
ЖССТнинг эпидемиологик вазият ҳақидаги хабаридан сўнг давлат чегарасидан ўтиш пунктларидаги санитария-карантин постларида, энг аввало, халқаро аэропортларда тиббиёт ходимларининг шайлиги оширилган.