Тожикистонда эндиликда бола тарбияси ва таълими учун нафақат ота-она, балки мактаб ва маҳалла ҳам қонунан жавобгар бўлади. Тожикистон парламенти амалдаги “Болага таълим ва тарбия беришда ота-онанинг масъулияти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритди.
Қонун “Боланинг таълими ва тарбияси учун жавобгарлик тўғрисида” деб қайта номланди. Номланиш билан бир қаторда, болага таълим ва тарбия беришда масъуллар доираси ҳам кенгайди ҳамда жазо санкциялари кучайтирилди.
Вояга этмаганларнинг хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик нафақат ота-онага, балки ўқитувчилар ва болаларни тарбиялаш ва ўқитиш билан шуғулланадиган бошқа шахсларга ҳам юкланмоқда.
“Қонун амалдаги дунёдаги сиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларга нисбатан ҳар қандай номақбул омилларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинди", дейди Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги бош мутахассиси Беҳруз Сафарзода.
Унинг айтишича, аввалги қонунда мактаб ва жамиятга бола тарбиясида ҳеч қандай ўрин берилмаган, «бола» тушунчасидаги ёш мезонлари белгиланмаган эди.
Қонуннинг аввалги таҳририда ҳам, ҳозиргисида ҳам бола мактабга мобил телефон билан келгани ёки масжидга чиққани учун ота-онага жарима тайинлаш каби кўплаб тақиқлар мавжуд. Ҳуқуқбонлар ушбу тақиқларнинг баъзиларини давлатнинг шахсий ҳаётга асоссиз аралашуви ва назорати сифатида қабул қилмоқда. Уларнинг айтишича, қонунда фуқаролар, жумладан, болалар ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилувчи кўпгина нормалар мавжуд.
Бола тарбияси ва таълими учун нафақат ота-она, балки мактаб ва маҳалла ҳам қонунан жавобгар бўлади.