Ссылки доступа

Истанбул марказида содир бўлган портлашда камида 6 киши нобуд бўлди


Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғлу мавзесида 13 ноябрь куни портлаш содир бўлди, дея хабар қилди Haberturk cайти.

Туристлар гавжум Истиқлол кўчасида содир бўлган портлаш чоғида, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон берган маълумотига кўра, 6 киши қурбон бўлиб, 53 нафар киши яраланган. Кейинчалик ҳодиса чоғида яраланган сони 81 кишига етгани айтилди.

Маълумотни тасдиқлаган Истанбул волийси Али Ерлиқоя қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтган. Ҳодиса содир бўлган жойда қутқарувчилар ишлаяпти, ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган.

Портлаш сабаби ҳали очиқланганича йўқ. Истанбул прокуратураси бунинг террор хуружи бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган. Дастлабки тергов натижалари ҳам, президент Эрдўғонга кўра, ана шунга ишора қилмоқда. Портлаш учун масъулиятни ҳали ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Сўнгги йилларда Туркиядаги энг йирик шаҳар бўлган Истанбулда бир неча портлаш “Ислом давлати” террор гуруҳи томонидан содир этилганди.

Бу орада Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳозирга қадар Истиқлол кўчасида содир бўлган портлашда жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар бўлганига оид маълумот йўқлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG