Туркманистонда чет элдан фаолият юритаётган мустақил туркман ОАВ ва мухолиф гуруҳларнинг аккаунтларига аъзо бўлган ёки муносабат билдирган фуқароларга нисбатан таъқиб бошланди.
Ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдираётган фуқаролар Миллий хавфсизлик вазирлигининг бўлимларига сўроққа чақирилмоқда. Бу ҳақда 28 июнь куни Озодлик радиоси мухбири хабар қилди.
“Бу ҳафта полиция ходимлари эрталабдан туркман сиёсатини танқид қилувчи видеоларга "like" босган ёки Путин сиёсатига қарши, Украинани қўллаб-қувватловчи изоҳ қолдирган фойдаланувчиларининг уйларидан олиб кетишган”, — дейди қариндоши шу тарзда сўроқ қилинган маҳаллий фуқаролардан бири.
Унинг айтишича, қариндошининг телефонлари олиб қўйилган, сўроқ тўрт соатлаб давом этган.
Туркманбоши ва Балканобод шаҳарларида қатор фуқаролар ТикТок ижтимоий тармоғидаги "ножўйя" саҳифаларга обуна бўлгани учун ушланган. Бу фуқаролар биринчи марта ушлангани боис, улар жаримага тортилиб қўйиб юборилган. Бироқ, МХВ ходимлари уларни кейинги гал жиддий жазоланиши ҳақида огоҳлантирган.
Путин сиёсатини қоралаб, Украинани қўллаб-қувватловчи изоҳлар ёзган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига эса ўз фикрларини ўзида сақлаши ҳақида огоҳлантирилган ва тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлган.
Сўнгги ойларда мамлакат фуқаролари устидан назорат кучайтирилган, "номақбул фуқаролар" рўйхати тузилганлиги айтилмоқда. Бу тоифага ҳукумат мустақил нашрларга маълумот сиздирувчи ёки интернетда танқидий маълумотларни эълон қиладиган, шахсий суҳбатларда ва жамоат жойларида ҳукумат ва президент сиёсати ҳақида қалтис фикр билдирувчи "норози" фуқаролар киради.
Туркманистон ҳукумати фуқаролар учун интернетдан фойдаланишни атайлаб чеклагани ҳамда сунъий равишда нархларни қиммат ушлаб туриши учун танқид қилинади. Туркманистон дунёдаги энг секин ва энг қиммат интернетга эга мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.
Аксар оммабоп сайтлар блокланганлиги боис туркманлар VPN дастурларидан кенг фойдаланадилар. Techopedia нашрига кўра, 2023 йилда туркман интернет фойдаланувчилари Google қидирув тизими орқали VPN серверларини қидириш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган.
Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг минтақадаги 29 давлатни қамраб олган “Ўтиш даври мамлакатлари – 2024” ҳисоботида айтилишича, Туркманистонда демократик кўрсаткичлар 20 йилдан бери фақатгина ёмонлашмоқда.
Туркманистонда мустақил ОАВ муштарийлари таъқиб қилинмоқда
Ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдираётган фуқаролар ҳам Миллий хавфсизлик вазирлигининг бўлинмаларига сўроққа чақирилмоқда.