Исроил армияси Байрут жанубидаги мавзега зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. ЦАХАЛ телеграм-каналининг маълум қилишича, зарба нишони “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи командирларидан бири бўлган.
Иддаога кўра, исми очиқланмаётган “Ҳизбуллоҳ” командири Исроил назорати остидаги Ғўлон тепаларида жойлашган Маждал Шамс шаҳрига берилган ракета зарбаси учун “масъул бўлган”. 27 июль куни берилган мазкур зарба оқибатида болалар дохил 12 киши ҳалок бўлган, 30 дан зиёд одам яраланган.
Reuters агентлиги манбаси ЦАХАЛ ўлдирмоқчи бўлган одам “Ҳизбуллоҳ”даги иккинчи киши ҳисобланмиш Ҳожи Муҳсин бўлгани ҳақида маълум қилган. Унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.
Исроил билан Ливан чегарасидаги вазият ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштиргани ва Ғазо секторида жанговар ҳаракатлар бошлангани ортидан кескинлашиб кетган. Исроил билан “Ҳизбуллоҳ” бир-бирларининг ҳудудларига деярли ҳар куни ракета отиб келмоқда.
Айни пайтда “Ҳизбуллоҳ” ҳозирча Исроилга қарши кенг кўламли уруш олиб бормаётганини билдирган. Қўшма Штатлар ва бошқа қатор давлатлар Исроил билан “Ҳизбуллоҳ”нинг бир-бири ҳудудларини ўққа тутиши кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.
Иддаога кўра, исми очиқланмаётган “Ҳизбуллоҳ” командири Исроил назорати остидаги Ғўлон тепаларида жойлашган Маждал Шамс шаҳрига берилган ракета зарбаси учун “масъул бўлган”.