Ссылки доступа

Японияда собиқ бош вазир Синдзо Абэга суиқасд уюштирилди (видео)


Нара шаҳрида Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэга суиқасд уюштирилди, унга қарата ўқ узилди, сиёсатчи айни пайтда касалхонада.

Абэ мамлакат марказий қисмида жойлашган Нара шаҳрида нутқ сўзлаган, NHK телеканали мухбири иккита ўқ овозига ўхшаган товушларни эшитган, шундан кейин 11:30 да (Тошкент вақти билан 7:30) сиёсатчи ҳушини йўқотган. Собиқ бош вазир касалхонага ётқизилган, ҳужум қилган шахс, 41 ёшли маҳаллий фуқаро қўлга олинган. Nikkei ёзишича, сочма ўқ отадиган ов милтиғи (дробовик)дан Абэнинг бел қисмига ўқ узган.

NHK полиция маълумотларига таяниб хабар беришича, собиқ бош вазирнинг юраги тўхтаб қолган, у вертолётда касалхонага олиб борилган. Ҳукуматдаги мансабдорлардан бирига кўра, Абэ оғир аҳволда.

Абэ Нарада парламент юқори палатасига сайлов кампанияси доирасида аввал ўзи раҳбарлик қилган Либерал-демократик партияни қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаган. Ҳозир ушбу партияга ҳукуматнинг жорий раҳбари Фумио Кисида раислик қилади.

Абэ бош вазир лавозимида 2006 йилдан 2007 йилгача ва 2012 йилдан 2020 йилгача ишлаган, мамлакатнинг бутун тарихида ушбу мансабни энг узоқ вақт давомида эгаллаб турган. 2020 йилда саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли бош вазирликдан кетган.

Сиёсатчи 67 ёшда. Унинг онаси томонидан бобоси Япония бош вазири бўлган, отаси эса мамлакат ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Абэ сиёсий карьерасини 1982 йилда отасига котиблик қилиш билан бошлаган.

XS
SM
MD
LG