Ссылки доступа

Москва мэрияси дронлар ҳужуми ҳақида хабар берди


5 сентябрга ўтар кечаси ва эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Москвага ҳужум қилмоқчи бўлган учта дронни уриб туширди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин маълум қилди.

Аввалроқ Калуга вилояти ва Подмосковьенинг Истра туманида дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди. Истра туманида, Собяниннинг сўзларига кўра, дрон қолдиқлари маиший объектга зарар етказган. Кейинроқ маҳаллий ҳокимият маиший объект ёниб кетганини маълум қилган.

Москва томон учаётган учинчи дрон 5 сентябрь куни эрталаб Тверь вилоятидаги Завидовода ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган. Шу яқин атрофда президент Владимир Путиннинг қароргоҳларидан бири жойлашган.

Вилоят губернатори Игор Руденя қурбонлар ва талофат йўқлигини айтди.

Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги 5 сентябрь куни эрталаб учинчи дрон уриб туширилганини тасдиқлади. Вазирлик хабарида дрон Москва томон учаётганига аниқлик киритилмаган.

Москва аэропортларида 50 дан ортиқ рейснинг қўниши ва жўнаши кечиктирилди. Ҳозирда барча Москва аэропортлари нормал режимда ишламоқда.

Москва ва Москва вилоятига Украинага оид деб айтилаётган дронлар мунтазам ҳужум қилиб келмоқда. Дронлар бир неча бор Москванинг турли ҳудудларига, ҳатто Кремлгача етиб борган. Дрон зарбалари 2023 йил мобайнида асосан Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида, шунингдек, Россия томонидан қўшиб олинган Қримда қайд этилган. РБК нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан бери Россия ҳудудига дронлар 500 мартадан кўп ҳужум қилган.

Украина расман бу ҳужумлар борасида сукут сақлаяпти. Россия ҳам Украинага зарба беришда дронлардан фаол фойдаланмоқда.

XS
SM
MD
LG