Тожикистон “Ислом давлати” гуруҳи таркибида жанг қилганларнинг хотинлари ва болаларини Суриядан ватанига қайтарди. Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, махсус самолёт билан 25 апрель куни 15 аёл ва 32 нафар балоғатга етмаган бола қайтарилган.
Аёлларнинг кўпчилиги Сурия ва Ироққа 2014-2016 йилларда эрларининг ортидан бориб қолгани айтилмоқда. “Ислом давлати” гуруҳи мағлуб этилганидан сўнг улар Суриядаги лагерларда сақланаётган эди.
“Ушбу аёллар ва болалар реабилитация ва ижтимоий интеграциядан сўнг оиласига қайтади”, — дейилади ҳукумат баёнотида.
Тожикистоннинг Сурия ва Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдзода журналистларга маълум қилишича, Ироқ ва Сурияда “даҳшатли шароитда” қолган тожикистонлик аёллар ва болаларнинг 90 фоизи ҳозирда ўз юртига қайтарилган.
2019 йилдан 2023 йилгача Тожикистон ҳукумати халқаро ҳамкорлар ёрдамида Сурия ва Ироқдан 334 нафар аёл ва болаларни ватанига қайтарди.
Ўтган йилдан бери Тожикистонда “жанговар зоналардан қайтган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш, нормал ҳаётга мослашиш ҳамда иш ва таълим олиш имкониятини таъминлаш” дастури амалга оширилмоқда.
Тожикистон расмийларига кўра, ИШИД тузилганидан бери 2 мингга яқин Тожикистон фуқароси Сурия ва Ироққа кўчиб ўтган. Аксарияти оиласи билан кетган. Эркакларнинг аксарияти ё ўлдирилган, қамоққа олинган, ё ҳали ҳам бедарак йўқолган ҳисобланади.
Аёлларнинг кўпчилиги Сурия ва Ироққа 2014-2016 йилларда эрларининг ортидан бориб қолгани айтилмоқда. “Ислом давлати” гуруҳи мағлуб этилганидан сўнг улар Суриядаги лагерларда сақланаётган эди.