Ссылки доступа

Тожикистонлик журналистга Ўзбекистонга  кириш 5 йилга тақиқланди


Шервони Умриддиннинг фикрича, тақиққа тожикзабон фаоллар ҳамда  Самарқанд ва Бухородаги тожик тили билан боғлиқ вазият ҳақида олган учта видеолавҳаси сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон томони тожикистонлик журналист Шервони Умриддинга 5 йил муддатга мамлакатга киришини тақиқлади.

Журналистнинг ўзи буни 7 сентябрь куни "Саразм" назорат-ўтказиш пунктида билган. У қизини даволаш учун Самарқандга олиб кетаётган эди.

Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Озодлик радиосига "бу масала ўрганилаётганини" айтган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Чегара хизмати ва Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасидан ҳеч қандай расмий изоҳ бўлмади.

Шервони Умриддиннинг фикрича, тақиққа тожикзабон фаоллар ҳамда Самарқанд ва Бухородаги тожик тили билан боғлиқ вазият ҳақида олган учта видеолавҳаси сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар президент Ислом Каримов ҳукмронлиги йиллари трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича ихтилофлар сабабли совуб кетган эди. Натижада икки мамлакат ўртасида ҳаво ва автобус қатновлари тўхтаган, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинган ва виза режими жорий этилган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин ўзаро муносабатларда илиқлашув кузатилган. Хусусан, икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифларни амалга оширишиб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзолашган, ўзаро визасиз режим жорий этишиб, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олишган.

XS
SM
MD
LG