Ссылки доступа

Туркманистонда абортни тақиқлаш порахўрликни кучайтирмоқда


Мама и дочь идут по улице в Ашхабаде, 22 сентября 2022 года
Мама и дочь идут по улице в Ашхабаде, 22 сентября 2022 года

Туркманистонда яқинда аборт қилиш тақиқлангани уларнинг сонини камайтиргани йўқ. Беморлар ва шифокорларнинг айтишича, аёллар энди исталмаган ҳомиладорликни тугатиш учун тиббиёт ходимларига пора беришмоқда.

Март ойида, собиқ президентнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов ҳокимиятга келишидан бир неча кун олдин, агар она ёки бола саломатлигига жиддий хавф туғдирмаса, ҳомиладорликнинг беш ҳафтасидан кейин аборт қилишни амалда тақиқловчи қонун эълон қилинган эди.

Туркманистон фаоллари ва хориждаги тиббиёт ходимларининг «Саглык» (Саломатлик) веб-сайтига кўра, дастлаб 2015 йилда қабул қилинган, лекин эълон қилинмаган ва амалга оширилмаган қонун барчани ҳайратда қолдирди.

Қонун аёлларнинг исталмаган ҳомиладорликни тиббий сабабларсиз тўхтатиши мумкин бўлган муддатни 12 ҳафтадан беш ҳафтагача қисқартиради.

Репродуктив саломатлик бўйича ихтисослашган туркман шифокори янги қоидаларни танқид қилиб, биринчи беш ҳафта давомида кўпчилик аёллар ҳомиладорлигини ҳатто билмаслигини айтди.

Қонунда айрим соғлиқ муаммолари бўйича истисноларга йўл қўйилади, бироқ қарор бир қатор тиббий текширувлардан сўнг махсус тиббий комиссия томонидан қабул қилиниши шарт, бу эса охир-оқибат абортни кечиктириш ва онанинг соғлиғига хавф туғдириш хавфини оширади.

Манбаларнинг айтишича, ҳомиладорликни тўхтатмоқчи бўлган аёллар профилактик кўрик ёки маслаҳат сифатида ёлғон расмийлаштирган акушерларга пора беришади. Бемор расман консультация учун пул тўлайди, кейин эса "аборт учун алоҳида нақд пора беради", дея қўшимча қилди улар.

Аборт учун пора ҳомиладорликнинг давомийлигига қараб 100 дан 500 долларгача ўзгариб туради, деди Мари шаҳридаги тиббий манбалар, агар бемор биринчи ойларда шифокорга мурожаат қилса, процедура арзонроқ бўлади.

Вазият шаҳар ва минтақага қараб фарқ қилади. Лебап провинциясидаги антенатал клиникадаги манбалардан бирининг хабар беришича, беморлар кечиктирилган абортлар учун 340 долларгача пора беришади.

Бутун дунё бўйлаб репродуктив ва она саломатлигини яхшилашни мақсад қилган БМТ Аҳоли жамғармаси (UNFPA) маълумотларига кўра, абортни тақиқлаш Туркманистонда репродуктив ёшдаги аёлларнинг катта қисми контрацептив воситалардан фойдаланиш имконига эга бўлмаган бир пайтда амалга оширилган.

UNFPA маълумотларига кўра, "[Туркманистонда] 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 160 000 га яқин аёл ҳомиладорликнинг олдини олишни ёки кечиктиришни хоҳлайди, аммо замонавий контрацептив воситалардан фойдаланмайди".

Консерватив Туркман жамиятида аёлларнинг деярли 60 фоизи ўзларининг ҳаёти ва соғлиғи боғлиқ бўлган контрацептив воситалар ва аборт каби фундаментал жиҳатларга оид масалаларни мустақил ҳал қила олмайди.

Туркманистоннинг де-факто абортни тақиқлаши оммавий ахборот воситаларининг эътиборидан четда қолди, чунки у аёллар ҳаётига таъсир кўрсатадиган бошқа кўплаб чекловлар билан бир вақтда кучга кирди.

Уларга шахсий автомобиллардан тортиб жамоат транспортигача бўлган транспорт воситаларининг олдинги ўриндиқларида ўтириш тақиқланган. Бутун мамлакат полицияси йўловчи аёл оила аъзоси бўлса ҳам тақиқни бузган ҳайдовчиларни тўхтатиб, жаримага тортди.

Шунингдек, аёлларга ёрқин бўяниш, кирпик ва тирноқларни ўстириш, кўкрак имплантлари, лабларини катталаштириш ва қошларини бўяш тақиқланган. Қолаверса, ишлайдиган аёллар тор кийим киймаслик ва ёрқин бўянмаслик ҳақида ёзма ваъда беришга мажбур бўлган.

Тақиқлар ҳукумат томонидан ҳеч қандай тушунтиришсиз жорий қилинган. Аёллар янги чоралар ҳақида иш берувчиларидан ёки янги қоидаларни март ойининг охири ва апрель ойи бошида қўллашни бошлаган полициядан билиб олдилар.

XS
SM
MD
LG