Ссылки доступа

ЖССТ: Ёз мавсумида маймунчечак билан касалланиш даражаси ошиши мумкин


Маймунчечак билан касалланиш даражаси ёз фаслида оммавий тадбирлар ўтказилиши туфайли ўсиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге маълум қилди.

«Биз Европада ёз мавсумига яқинлашяпмиз, у оммавий йиғинлар, фестиваллар ва зиёфат кечаларидан иборат бўлади. Вирус тарқалиши тезлашиши мумкинлигидан хавотирдаман», — деди Клюге.

Унинг айтишича, Европа минтақасидаги камида саккизта мамлакат сўнгги бир неча кун ичида маймунчечак ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар берган. Европадан ташқарида эса вирус Австралия, Канада ва АҚШда қайд этилган.

Нидерландияда ҳам бир неча киши маймунчечакка чалингани тахмин қилинмоқда, улар айни пайтда мутахассислар томонидан текширилмоқда.

Шу ҳафта Европада маймунчечак касаллигига чалиниш билан боғлиқ 100 дан ортиқ ҳолат аниқланди. Германия ҳукумати ушбу касалликнинг авж олиши Европа минтақасида ҳар қачонгидан энг йириги деб ҳисоблаш мумкинлигини айтди.

Агар одам табиий чечакка қарши вакцина олган бўлса, маймунчечак касаллиги оғир ўтиши эҳтимоли камаяди. Вирус одатда одамга ёввойи ҳайвонлардан юқади, одамдан одамга юқиш ҳолатлари чекланган хусусиятга эга.

Маймунчечак — камёб юқумли касаллик бўлиб, асосан Марказий ва Ғарбий Африканинг олис туманларида энг кўп тарқалган. Унинг белгилари — кўнгил айниши, иситма, тошма, қичишиш, шунингдек, мушаклардаги оғриқ. Бу минтақадан ташқаридаги касалланиш ҳолатлари кўпинча эпидемиология нуқтаи назаридан ноқулай бўлган зоналарга сафарлар билан боғлиқ бўлади.

Вирус контакт орқали юқади, аммо унинг тарқалиш даражаси юқори эмас.

XS
SM
MD
LG