Ссылки доступа

Янги партия фаолининг 14 кишилик оиласи 15 йил яшаган уйидан чиқариб юборилди


Ўзбекистон президенти сайлови ўтадиган кундан роппа-роса уч ой олдин - 24 июль куни МИБ “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” сиёсий партияси ташаббусчилар гуруҳи аъзоси оиласини Тошкент шаҳридаги уйидан чиқариб юборди.

Турмуш ўртоғи, икки ўғли, икки келини, қизи, куёви ва набиралари – жами 14 кишилик оила кўчада қолганини оила бошлиғи ўзининг сиёсий фаолияти билан боғламоқда.

Тошкентлик яна бир фаол янги партия тузувчилар сафида бўлгани учун маҳалла қўмитасига чақиртирилгани, у билан ўтказилганга ўхшаш “суҳбат”лар бошқа фаоллар билан ҳам ўтказилаётганини айтиб берди.

Ёши 60 дан ошган Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, унинг 14 кишилик оиласи (ўзи, турмуш ўртоғи, икки ўғли, икки келини, қизи ва куёви ҳамда олти набираси) 24 июль куни суд ижрочилари томонидан 15 йилдан буён яшаб турган уйидан чиқариб юборилган.

Тошкент шаҳар, Олмазор туман, Узумбоғ 9-торкўчада ўтган ҳафта охирида юз берган бу воқеа акс этган видео Ютюбда эълон қилинди.

13 дақиқали видеода Муҳаммадамин Эрматов оиласи билан яшаётган хонадонга Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб, оилани чиқариб юбориш ҳаракатларини амалга ошираётгани акс этган.

МИБ ходимларидан бири ижро варақасини ўқиркан, бу хонадонда яшаётганларнинг исм-фамилияларини ўқиб эшиттиради, уй манзилини тўлиқ айтади ва тилга олинганлар бу уйдан “мажбурий тарзда кўчирилди”, деб эълон қилади.

МИБ ходимининг айтишича, оилани уйдан чиқариш жараёнида даъвогар ҳам, холислар ҳам иштирок этган. Видео давомида Муҳаммадамин Эрматовнинг ўзи ҳам бир неча марта кўринади. У ижрога қаршилик кўрсатмайди, уйдан чиқариб юборилаётганини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлиқлигини, “чайлада яшаб бўлса ҳам партия тузишини” айтади.

Муҳаммадамин Эрматовнинг 27 июлда айтишича, у оиласи билан Узумбоғ кўчасидаги бу уйга бундан 15 йил муқаддам, икки қаватли уйдаги квартирасига ўт кетганидан сўнг кўчиб ўтган эди:

“Уй ўзимники эмас, қондошдан ҳам яқинроқ бир қадрдонимнинг уйи эди. Кўчиб келганимиздан бери болаларим катта бўлди, уларни уйладим, невараларим кўпайди. 7 йил олдин ҳаммамиз шу уйга пропискага турганмиз. Уйни менга бериб турган қадрдоним уйни сендан ортса бошқага сотаман, дер эди. У киши вафот этиб кетди. Авлодлари билан ҳам муомалам яхши эди. Тўйларимиз, маъракаларимиз бир эди. Бу йил ҳовлининг ҳеч йўқ ярмини сотиб оламан, деб туриб эдим. Кутилмаганда май ойининг охирларида суддан қоғоз келди. Кўп ўтмай, суд бўлди. Қадрдонимнинг қизлари, келинлари судда йиғлаб ўтирди”.

Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро судида уч кун суд бўлди, кейин апелляция шикояти ёзилди, Тошкент шаҳар суди дастлабки инстанция суди ҳукмини ўз кучида қолдирди. Шундан сўнг кассация шикояти ёзилди, шунга қарамай, яъни кассация шикояти кўрилиши давом этаётганига қарамай, МИБ суд қарорини ижро этиб қўйди.

Муҳаммадамин Эрматов 15 июль куни Тошкентдаги Президент Администрацияси биноси олдидан ушлаб кетилганлардан бири эди. Ўша куни Эрматов билан бирга олиб кетилган мустақил блогер Озодбек Қурбонов майда безориликда айбланиб, 15 суткага қамалган, Эрматов қўйиб юборилган.

Муҳаммадамин Эрматов ўзининг сиёсий фаолияти ортидан унинг Андижон вилоятида яшайдиган яқинларига босим бошлангани тўғрисида шу йил бошида айтиб берган, ўша вақтда унинг сингилларидан бирининг босимлар тўғрисидаги видеочиқиши ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди.

Ўзбекистонда навбатдаги президент сайловлари шу йил 24 октябрида бўлиб ўтади.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев расман сайловлар билан боғлиқ режаларини эълон қилмаган, аммо кўпчилик унинг ўз номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркин матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатга олмаган. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага мувофиқ, парламентдаги ҳукуматпараст партиялар раҳбарлари сайловларда амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG