Ссылки доступа

Ертўлада жон сақлаётган ўзбеклар. Афғон қочқинларига ёрдамга чоғланган фаоллар чорасизлик ҳақида гапирмоқда


Кобулдаги болалар, 17 сентябрь, 2021
Кобулдаги болалар, 17 сентябрь, 2021

Кобул Толибон қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаёти таҳликада қолган зиёлилар, журналист ва хотин-қизлар жуда оғир шароитларда жон сақламоқда.

Хусусан, мамлакат шимолидаги ўзбек ва бошқа этник гуруҳларга мансуб кишиларга ёрдам кампаниясига қўшилган ўзбекистонлик фаоллар уларнинг тақдиридан қаттиқ хавотирда.

Фаоллар ўнлаб оила, 2-3 нафардан ёш гўдаклари билан, Мозориф Шариф ва бошқа йирик шаҳарларда ертўлаларда ўлим хавфидан яшириниб юрганини айтмоқда.

Фаолларга кўра, Толибон изидан тушган бу оилаларга ёрдам сўраб, расмий Тошкентга қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. Ғарб ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар билан ёзишмалар эса 1 ойга қадар вақт талаб қилмоқда.

Кобул Толибон назоратига ўтганидан сўнг, толиблардан келиши мумкин бўлган ўлим таҳдидан қочган минглаб зиёли, журналист, олим ва фаол хотин-қизларга ёрдам қўлини чўзган ўзбекистонлик фаоллар қўллов сўраб халқаро жамоатчиликка юзланмоқда.

Тошкентда туриб бир неча афғонистонлик оиланинг Ўзбекистон ва бошқа хориж давлатларига чиқишида ёрдам берган сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг айтишича, шу кунда юздан ортиқ оила Мозори Шарифда толиблардан яшриниб жон сақлаётганидан шахсан хабардор.

Назирга кўра, унга ёрдам сўраб мурожаат қилган афғонистонлик оилаларнинг аксарида икки ёки уч нафардан ёш бола бор.

“Асосан, Афғонистоннинг шимолида туриб ишлаган зиёлиларнинг оиласи. Деярли ҳаммасида камида 3 бўлмаса, 4 нафардан ёш боласи бор, гўдаклари бор. Ҳар икки кунда бир манзилини алмаштириб, толиблардан беркиниб юрган оилалар. Пули тугаяпти, иқтисодий аҳволи жуда оғир. Шуларга ёрдам бериш учун турли халқаро ташкилотларга мурожаат қилганмиз, лекин ҳужжат ишлари кўп вақт талаб қиляпти. Буни тезлаштириш керак”, дейди Назир.

Унинг айтишича, Кобулни қисқа фурсатда қўлга киритган Толибонга мамлакат зиёлиларида ишонч йўқ. Гарчи толиблар аввалги ҳукумат билан ёки хориж давлатлари билан ишлаганларга ҳеч бир зарар етмаслигини ваъда қилган бўлсада, айрим ҳудудларда бундай кишиларни қидириш бошлангани кузатилмоқда:

Анвар Назирнинг айтишича, афғонистонлик зиёлиларни қутқариш акцияси - фақат ўзи ва унинг ўзи каби яна бир неча фаолнинг ташаббусидир.

Анвар Назирга кўра, Кобулдан ташқаридаги ҳудудларда толиблар ҳануз ўзлари билан ўзлари овора, ҳануз мамлакатда бошқарув тизимини қўлига ололгани йўқ:

“Чунки, толибларнинг асосий қисми саводсиз, замонавий ижтимоий тармоқлар ва медиани тушунмайди. Давлат бошқарувини билмайди. Шу ҳам афғонистонлик зиёлиларнинг жон сақлашига сабаб бўляпти. Бу фурсатдан фойдаланиб, уларни тезроқ қутқариш керак”.

Фаолларга кўра, улар авввал бошда Ўзбекистон томони Термиз-Ҳайратон йўли орқали қисқа муддатга йўлни очиб беришига умид қилишган.

Боиси дастлаб бу йўл орқали Ўзбекистонга визаси бўлган афғонистонликлар ўтказилаётгани айтилганди.

Виза билан Термизга кириб борган афғонистонлик журналистлардан бирининг айтишича, ҳозир чегарадан ҳеч ким ўтказилмаётир:

“Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллиги фақат бизнес виза бераётган экан. Бунинг учун 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул кўрсатиш керак, деб айтишди. Яъни қочқин эмас, тадбиркор экани ва Ўзбекистонда бизнеси борлигига исбот тариқасида, деб айтишди. Буни ҳам чекланган сонда беряпти, деб эшитдик Мозори шарифдаги яқинларимиздан. Аммо, аниқ расмий ахборот ҳеч кимда йўқ. Аниғи шуки, чегара ёпиқ”.

Сурхондарё вилояти ҳокимлик органларига яқин манбаси, чегара тамомила ёпилгани ва икки тарафдан ҳам одамлар ўтказилмаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бизнес юклари қатнови ҳам тез орада тўхтатилади.

“Ўзбекистондаги активистлар, Мозори Шарифга йиғилган зиёлиларни олиб чиқишга рухсат беришини сўраб, Ташқи ишлар вазирлигига чиқишган. Лекин, Афғонистон масалалари бўйича замминистр буни дарҳол тўхтатган. Ҳеч қанақа коридор очиб берилмайдиган бўлди. Яқинда юклар қатнови ҳам тўхтайди. Чегара тўлиқ ёпилади”, деб иддао қилди манба.

Ҳозирча бу манбанинг гапини тасдиқлайдиган бирор расмий ёки мустақил манбалардан олинган қўшимча маълумот Озодликда йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги июнь ойида - мамлакат шимолида Толибон ишғоли кучайган ва чегарадан Афғонистон армияси ҳарбийлари биринчи марта қочиб кирган пайтдаёқ чегарани ёпган. Аммо, расмий баёнотда чегарани ёпиш сабаби коронавирус инфекцияси ёйилиши олдини олиш сабаби билан изоҳланганди.

Ўшандан буён, икки давлат ўртасидаги чегара очилганига оид расмий баёнот берилгани йўқ. Мозори Шарифдаги ўзбекларнинг айтишича, бу шаҳарда Ўзбекистон консуллиги ёпиқ қолмоқда.​

Сўнгги 1 ярим - 2 ой ичида Ўзбекистонга ўтган афғонистонликларнинг аксари чуқур хавотир ичида қолаётганини айтмоқда.

Боиси, уларнинг ҳаммаси чегарадан Ўзбекистон визаси билан киритилган, аксарининг виза муддатлари якунига етган, баъзиларида тез орада тугайди.

Тошкентда юрган афғонистонликларнинг айтишича, ҳозирча ички ишлар бўлинмалари ходимлари уларга мамлакатда бемалол яшаб туриши мумкинлиги, улар Афғонистонга депортация қилинмаслигини айтмоқда.

Маълумотларга кўра, Афғонистондаги ўзбеклар, тўртинчи йирик этник гуруҳдир. Уларнинг сони, турли манбаларда жами аҳолининг 6 фоизидан 10 фоизигача, деб келтирилган.

Сўнгги 40 йилдан буён уруш ҳаракатлари ичида қолган мамлакатда аҳоли сони расман ҳисобдан ўтказилмаган.

Турли манбаларда 32 миллиондан 37 миллионгача, жумладан АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоботида 37 миллион 466 минг, дейилади.

Ўзбекларнинг асосий қисми, Афғонистон шимолидаги Фарёб, Жузжон, Балх ва Қундуз вилоятларида яшайди.

Айни пайтда ўзбекистонлик фаоллар факат узбек эмас, балки Толибондан қочаётган барча зиёлиларга бирдек ёрдам беришга уринаётганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG