Ссылки доступа

ЕХҲТ миссияси раҳбари: Сайлов иштирокчилари ўртасида мазмунли мулоқот йўқ


24 октябрдаги президент сайловида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга сайланиши кутилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги президент сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи ташкилотнинг Тошкентга тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юбориш қарорини ҳимоя қилди.

Унинг таъкидлашича, "ДИИҲБ сайловларни маъқулламайди ва тасдиқламайди, балки ЙХҲТга аъзо барча давлатларни ўз сайлов тизимини такомиллаштиришда қўллаб-қувватлайди".

"Бизнинг бу ердаги вазифамиз – кузатиш ва ўз кузатишларимиз асосида вазиятни баҳолашдир. Бу сайловлар бўйича биз оралиқ ҳисоботимизда ўз номзодларини кўрсатган бешта партияни қайд этганмиз, шунингдек баъзи янги сиёсий партиялар тузишга бўлган муваффақиятсиз уринишларни ҳам айтиб ўтганмиз. Кампания барча ҳудудларда давом этмоқда, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари ва партиялари сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда, бу кампаниялар ижтимоий тармоқларда ҳам фаол олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу – ижтимоий тармоқлар катта рол ўйнаган биринчи сайлов. Аммо шуни ҳам таъкидлаймизки, сайлов иштирокчилари ўртасида ҳеч қандай тўғридан-тўғри ёки мазмунли мулоқот мавжуд эмас", - деди Оуэн Мёрфи.

"Оралиқ ҳисоботимизда, сайловолди ташвиқоти пайтида хизмат вазифаларини суиистеъмол қилишдан баъзи ҳимоя чоралари жорий этилганини қайд этамиз. Масалан, давлат ресурсларини суиистеъмол қилиш, жумладан, давлат амалдорларини сайловолди ташвиқотига жалб қилиш тақиқланади. Аммо, биз шуни аниқ қайд этамизки, президент ўзи учун берилган самолётдан президент сифатида фойдаланишда давом этмоқда", - деди миссия раҳбари.

"Сайловолди мунозаралар кўпинча сайловчиларга сайлов куни дуч келадиган танлови тўғрисида яхшироқ маълумот беришга ёрдам беради ва қонун иштирокчилар ўртасидаги баҳс-мунозара ўтказилиш имкониятини беради. Ҳисоботимизда шуни таъкидлаймизки, Марказий сайлов комиссияси ҳар шанба куни бешта миллий давлат телевидениесида қатнашувчилар ўртасида баҳслар ўтказиш учун оммавий ахборот воситаларида вақт ажратган, аммо танлов иштирокчилари ҳали бундай баҳсларни ўзаро келишиб олишлари керак", - қўшимча қилди Мёрфи.

Президент сайлови 24 октябрда бўлиб ўтади. Сайловда амалдаги президент ва ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевдан ташқари парламентдаги яна 4 партия - Миллий Тикланиш, Адолат СДП, Экологик партия ҳамда Халқ-демократик партияси номзодлари қатнашади.

Номзодларнинг ташвиқот кампанияси 20 сентябрдан буён давом этмоқда.

ЕХХТ илк бор 2016 йилдаги президент сайлови, ундан кейин эса 2019 йил декабрида ўтган парламент сайловига ДИИҲБнинг тўлақонли кузатувчилар миссиясини юборган.

XS
SM
MD
LG