Ссылки доступа

Россия ва КХДР стратегик ҳамкорлик битими Жанубий Кореяни Украинага қурол етказишга ундаши мумкин


Жанубий Корея дунёдаги энг йирик қурол сотувчилардан биридир. Бироқ шу пайтгача Сеул Украинага қурол етказмаган эди.

Россия ва КХДР стратегик ҳамкорлик битими деб Жанубий Корея Украинага қурол етказишни бошлаши мумкин. Бу масала кўриб чиқилаётганини мамлакат миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чан Хо Жин матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Рёнҳап агентлиги.

Унинг айтишича, Шимолий Кореянинг ҳарбий жиҳатдан мустаҳкамланишига бевосита ёки билвосита ҳисса қўшадиган ҳар қандай ҳамкорлик БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузиш ҳисобланади.

Жанубий Корея дунёдаги энг йирик қурол сотувчилардан биридир. Бироқ шу пайтгача Сеул Украинага қурол етказмаган эди. Россия президенти Владимир Путин буни олқишлаган ва икки давлат муносабатлардаги шу жиҳатни қадрлашини айтган.

Аввалроқ қатор ОАВ Жанубий Корея снарядлари АҚШга етказилаётганини, Вашингтон эса уларни Украинага юбораётган бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди.

"Рёнҳап" агентлигининг Жанубий Корея президенти девонидаги суҳбатдоши агентликка Украинага қурол етказиб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини тасдиқламади, бироқ ҳам инкор этмади. Унинг айтишича, Сеул бу масала бўйича муносабатни ва чораларни кейинроқ эълон қилади.

Россия президенти Владимир Путин билан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида Пхеньянда ўтказилган музокаралар якунига кўра икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган. Ҳужжатда жумладан ҳарбий соҳада ҳамкорлик имконияти ва аъзо мамлакатлардан бирига қарши уруш эълон қилинган пайтдаги ўзаро мажбуриятлар акс этган.

Путин билан музокаралар чоғида Ким КХДР ҳукумати “Россия ҳукумати, армияси ва халқига махсус ҳарбий амалиётни бажариш (яъни Украинадаги уруш - таҳр.) чоғида тўлиқ қўллов ва бирдамлик изҳор қилиши”ни билдирган. Ким фикрича, амалиёт “суверенитет ҳимояси учун, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда” ўтказилмоқда. Ким “дунёда стратегик мувозанатни сақлаш”да Россиянинг ролини ҳам қайд этган.

Шимолий Корея Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияда эмас, балки Россияни қўллашини тўғридан-тўғри билдирган дунёдаги кам сонли мамлакатлардан биридир.

КХДР Россия армиясига артиллерия снарядлар ва муҳтамалан ракета тизимлари етказиб бермоқда. Бунга жавобан Москва Пхеньянга муҳтамалан БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари билан тақиқланган ракета дастурида кўмаклашяпти. АҚШ ва Ғарб мамлакатлари Москва билан Пхеньян ўртасидаги ҳамкорлик юзасидан тобора кўпроқ ташвиш билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG