Ссылки доступа

Зеленский НАТОни Россияга “олдиндан зарбалар” беришга чақирди


Президент Украины Владимир Зеленский
Президент Украины Владимир Зеленский

Украина президенти Владимир Зеленский Россия томонининг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини истисно қилиш учун НАТОни Россияга қарши профилактик зарбалар беришга чақирди. Бу ҳақда Украина давлати раҳбари Австралиянинг Лоу институтида ўтказилган тадбирда видеоалоқа орқали маълум қилди.

Зеленский ўз нутқида Россияга қарши қурол қўлланганини назарда тутаётганига аниқлик киритмади. "НАТО нима қилиши керак? Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолини йўқ қилиши керак", - деди Украина президенти.

Россияда мамлакат президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Зеленскийнинг сўзларига муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, дунёнинг барча давлатлари, хусусан, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Украина президенти нима ҳақида гапираётганига эътибор беришлари керак. Унинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг нутқи “жаҳон уруши бошланишига чақириқ”дир. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Зеленскийни Россияга ядровий зарба беришга чақиришда айблади.

Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров бу баёнотларга жавоб бериб, Украина президенти Россияга ҳарбий зарба бериш ҳақида гапирмаганини таъкидлади. Никифоровнинг сўзларига кўра, Зеленский шунчаки Россияга қарши санкцияларни жорий этиш бўйича ўзининг 24 февралда Россия босқини бошланишидан олдин айтган таклифини такрорлаган. Унинг қайд этишича, ядро зарбаси билан таҳдид қилувчи Украина эмас, Россия.

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Россия президенти Владимир Путин бир неча бор ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилган.

АҚШ президенти Жо Байден Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишида Россия президенти Владимир Путинни “Европага очиқ ядро таҳдиди”да ва ядро қуролини тарқатмаслик мажбуриятларини эътиборсиз қолдиришда айблади. АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, агар Москва Украинага қарши ядровий қурол ишлатса, "ҳалокатли оқибатларга" дуч келишини айтди.

XS
SM
MD
LG