Ссылки доступа

Зеленский Ғарб мамлакатларини барча россияликлар учун ўз ҳудудларини ёпишга чақирди


Президент Украины Владимир Зеленский

Ғарб мамлакатлари барча россияликларга ўз ҳудудига киришни тақиқлаши керак. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский The Washington Post газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шу пайтгача Россияга қарши киритилган санкцияларнинг барчаси Россия фуқаролари учун бир йилга чегараларни ёпиш ва Россия ёнилғисини сотиб олишга тўлиқ эмбарго қўйиш олдида «кучсиз» ҳисобланади.

«Энг муҳим санкциялар чегараларни ёпишдан иборат — чунки руслар бировларнинг ерларини олиб қўймоқда», — деди Зеленский нашр билан суҳбатда ва россияликлар «ўз фалсафасини ўзгартирмагунича, ўз дунёсида яшаши керак»лигини қўшиб қўйди.

Украина етакчиси фикрича, Россиянинг бутун аҳолисини яккалаб қўйиб, жавобгарликка чақириш мумкин. «Сиз бутун дунёга у сизнинг қоидаларингиз бўйича яшаши кераклигини айтаяпсиз. Унда бориб, ўша ерда яшанг. Бу Путинга таъсир ўтказишнинг ягона йўли», — дея хулоса қилди у.

Евроиттифоқ 26 февралдан Россия билан расмий шахслар ва тадбиркорлар учун ҳужжатларни расмийлаштиришнинг енгиллаштирилган тартибини кўзда тутувчи соддалаштирилган виза режимини тўхтатган эди.

Бир қатор Европа мамлакатлари россияликларга виза беришни тўлиқ тақиқлашни ёқлаб чиқди. Бундай ташаббусни Эстония ва Латвия ташқи ишлар вазирлари Урмас Рейнсалу ва Эдгарс Ринкевичс ҳамда Финляндия парламент партиялари илгари сурганди.

Еврокомиссия россияликларга виза бериш тўлиқ тўхтатилишини истисно қилди, чунки бу ЕИ қоидаларига зиддир. «Доим қайсидир одамлар гуруҳига виза бериш зарур бўлади. Масалан, гуманитар ҳолатларда, Евроиттифоқ мамлакатлари фуқароларининг оила аъзоларига, журналистларга, диссидентларга», — дея қайд этди Еврокомиссия.

Бельгия, Мальта, Нидерландия, Латвия, Литва, Чехия ва Эстония элчихоналари ва виза марказлари россияликлар учун қисқа муддатли Шенген визалари расмийлаштиришни аллақачон чеклаб қўйган.

XS
SM
MD
LG