Ссылки доступа

Зеленский: Донбасс учун жанглар бошланди


Мариуполь, март 2022 года

Украина расмийлари россиялик ҳарбийлар Донбассда узоқ вақтдан буён кутилган ҳал қилувчи ҳужумни бошлаганини айтмоқда. Ҳарбий мутахассислар эса бу ҳали кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўришнинг давоми деган фикрда.

Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 54-куни якунида қилган видеомурожаатида Донбасс учун жанглар бошланганини тасдиқлади.

«Ҳозирда айтиш мумкинки, Россия қўшинлари кўп вақтдан буён тайёргарлик кўрилган Донбасс учун жангни бошлашди. У ерда россиялик ҳарбийларнинг катта гуруҳи ҳужумга ўтиш учун тўпланган. У ерга қанча ҳарбий олиб келинишидан қатъи назар, биз ҳимояланамиз. Курашамиз. Биз буни ҳар куни қиламиз. Украинанинг ҳеч нарсасини бериб қўймаймиз, бошқаларники эса - бизга керак эмас», деган Зеленский.

Зеленский рус қўшинлари сўнгги вақтларда шарқ ва жанубда аввалгига қараганда режаланган ҳужумлар амалга оширишга уринаётганини қайд этган.

«Бизнинг давлатимиз мудофаасидаги заиф жойларни излашмоқда, шундай жойдан асосий кучларни олиб кириш учун», дея қўшимча қилган Зеленский.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам урушнинг иккинчи фазаси бошлангани ҳақида ёзган ва Украина қуролли кучларига ишонишга чақирган.

Шунингдек Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам фейсбукдаги саҳифасида бу ҳақда хабар қолдирган.

У 18 апрел куни Россия армияси Луганск области ғарбидаги Кременная шаҳарчасига киргани, бу ерда кўча жанглари бошлангани, эндиликда тинч аҳолини эвакуация қилиш имконсиз эканини ёзган.

У шунингдек Беларуснинг «Белсат» телеканалига берган интервьюсидан парча жойлаштирган, унда у Кременная ва Попасная шаҳарчалари Луганск областидаги «энг қайноқ нуқталар» бўлиб турганини айтади.

«[Кременнаяга] россияликлар армияси кирган, улкан миқдорда техника олиб келинган. Энг қайноқ [нуқта] айнан шу ерда. Биз одамлардан эвакуация бўлишни жуда кўп илтимос қилдик, ўрмон йўллари орқали олиб кетишни режалаштирдим, аммо бир кечада барчаси ўзгариб кетди», деган Гайдай.

У Кременнаяда қанча тинч аҳоли вакиллари қолганини аниқ айта олмаган.

Зеленский Россия армияси Украинага қарши ракеталар қўллашни камайтирмаётганини санкциялар шароитида «стратегик бемаънилик» деб атади - санкциялар Россияга ракета захираларини тиклаш имконини бермайди.

«Бирорта ракета зарбаси Россия учун вазиятни тубдан ўзгартиргани йўқ. Ҳа, агар уларнинг барчасини биргаликда баҳоласак, хулоса шундай бўлади - бу стратегик бемаънилик», деган Зеленский.

Украина қуролли кучлари бош штабининг ҳисоблашича, Россия ҳарбийлари ҳужумларни кучайтириш учун Ростов области ва босиб олинган Қримда қўшимча бўлинмаларни шакллантиришда давом этмоқда.

Маълум қилинишича, бу бўлинмаларни тайёр ҳолатга келтириш санаси - 24 апрел этиб белгиланган.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (СНБО) бош котиби Алексей Даниловнинг хабар қилишича, Белгород областининг Украина билан чегара ҳудудларида вертолёт майдончалари жойлаштирилмоқда.

Данилов ҳарбий ҳаракатлар бошланган ва давом этаётган ҳудудларда яшовчи аҳолини имкон қадар эвакуация қилишга чақирган.

«Россияликлар ўз олдига 1 ёки 9 майгача эмас, Пасхагача Донецк ва Луганск областларини тўлиқ эгаллаш вазифасини қўйган», деган котиб.

XS
SM
MD
LG